Ҳар бир давлат изчиллик билан тараққиётга эришиш учун биринчи навбатда коррупцион ҳолатларга қарши муросасиз кураш олиб бориши лозим. Акс ҳолда таназзулга юз тутиши мумкин.
Айни шу маънода мамлакатимизда жамиятни ушбу иллатдан тозалаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда эса мазкур хавфга нисбатан фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ортидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мунтазам равишда тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Андижон вилояти Балиқчи тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими инспектори хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзганинг ишончига киради ва мансабдор танишлари орқали унинг қариндошини мазкур соҳага ишга киритиб қўйиш эвазига 1800 АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда инспектор сўралган пул маблағини тумандаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.