Бугун 6 август, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Андижон халқаро аэропорти ўз тарихида илк бор Boeing 747-400F русумидаги юк ҳаво кемасини қабул қилди

Андижон халқаро аэропорти  ўз тарихида илк бор Boeing 747-400F русумидаги юк ҳаво кемасини қабул қилди

4 августь куни маҳаллий вақт билан соат 03:13 да Бельгиянинг Льеж халқаро аэропортидан амалга оширилган рейс орқали Андижонга 160 бош, умумий оғирлиги 83,3 тонна бўлган наслдор тирик қорамол етказиб келинди.

Ҳаво кемаси бортида Германиянинг Симментал ва Голштин зотларига мансуб наслдор қорамоллар ташилди. Мазкур зотлар юқори маҳсулдорлиги билан ажралиб туради. Хусусан, Симментал зоти сут ва гўшт йўналишидаги универсаллиги билан машҳур бўлса, Голштин зоти дунёда энг юқори сут маҳсулдорлигига эга қорамол зотларидан бири ҳисобланади.

Тирик ҳайвонларни ҳаво кемасидан тушириш, ветеринария назоратидан ўтказиш ҳамда махсус транспорт воситаларига ортиш ишлари амалдаги ветеринария ва биологик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда тезкор тарзда амалга оширилди.

Мазкур операция давомида "Uzbekistan Airports" АЖ ҳамда Андижон халқаро аэропорти мутахассислари юкни қабул қилиш ва қайта ишлаш жараёнларини халқаро стандартлар асосида ташкил этиб, тирик ҳайвонларнинг ҳаво кемасидан хавфсиз туширилиши ва белгиланган манзилга етказиб берилишини муваффақиятли таъминладилар.

Boeing 747-400F юк ҳаво кемасининг муваффақиятли қабул қилиниши Андижон халқаро аэропортининг йирик ва махсус тоифадаги юкларни, жумладан тирик ҳайвонларни, халқаро стандартлар асосида қабул қилиш ҳамда уларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича салоҳияти тобора ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Киритилди: 16:30 05.08.2026. Ўқилди: 1453 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!