Бугун 5 май, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Андижон вилоят ҳокимлиги Садбархон Мамитовани огоҳлантирди

Андижон вилоят ҳокимлиги Садбархон Мамитовани огоҳлантирди

Андижон вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда Бўстон тумани ҳокими Садбар Мамитовага оид аудиоёзув тарқалиши юзасидан муносабат билдирди ва туман ҳокимига «огоҳлантириш» берилганини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқлардаги Бўстон тумани ҳокими дея айтилаётган аудиоёзув юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилди.  Аниқланишича, ҳақиқатан ҳам аудиоёзув Бўстон тумани ҳокими С.Мамитовага тегишли эканлиги, тумандаги соя етиштирувчи фермерларнинг соя етиштириш ва уни йиғиб олишдаги масъулиятсизлиги оқибатида туманда соя ҳосилини йиғиштириб олиш ишлари бир мунча ортга сурилгани маълум бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокими фермердан нега соя ҳосилини ўз вақтида йиғиб олмасдан, соя корчёвка қилиниб, юлиб ташлангани юзасидан изоҳ сўраган.

Туманда соя ўсимлигини етиштириш ва уни йиғиб-териб олишда сусткашлик қилаётган ҳамда ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараётган фермерларнинг фаолияти туман ҳокимининг эътирозларига сабаб бўлганлиги маълум бўлди. 

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, тарқалган аудиоёзув учун Бўстон тумани ҳокими С.Мамитовага вилоят ҳокимлиги томонидан «огоҳлантириш» берилганини маълум қиламиз», дейилади ҳокимлик муносабатида.

Маълум қилинишича, Бўстон туманида 108та ғалла ва пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига жами 36,5 тонна соя ўсимлиги экиш ва етиштириш (500 гектар очиқ майдонга, 300 гектар ғўза қатор орасига) белгиланган.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқда Бўстон тумани ҳокими йиғилишлардан бирида фермерларни ҳақоратли сўзлар билан камситаётгани акс этган аудиоёзув тарқалганди.

Мамитова тумандаги фермерларни «мараз», «ифлос» деб ҳақоратлаган, соя ўсимлиги билан боғлиқ режани бажармаган фермерларга 5 тоннадан соя топширилмаса, ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилган.

Кейинроқ Садбархон Мамитова мазкур аудио юзасидан интервьюсида  коронавирусга чалиниб, икки ҳафта давомида касалхонада ётганини, соғайиб чиққач эса, руҳий ҳолати яхши бўлмагани учун стрессда фермерларга қаттиқроқ гапиргани ва талаб қилгани, оғзидан шу гап чиқиб кетганини таъкидлаган. Шунингдек, у даволанган пайтида тумандаги кўп ишлар орқада қолиб кетганини қўшимча қилган.

Киритилди: 18:27 26.10.2020. Ўқилди: 2903 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!