Бугун 30 октябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилишида авария юз берди, ишчилар жабрлангани айтилмоқда

Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилишида авария юз берди, ишчилар жабрлангани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилиш ҳудудида фавқулодда ҳолат рўй бергани ва пастга сув оқиб тушаётгани акс этган видео тарқалди. Манбалар ҳодиса оқибатида камида беш киши жароҳатланганини хабар қилган.

Тожикистон ҳукумати бир ҳафта олдин рўй берган авария юзасидан маълумот берди. Тожикистон Саноат ва кончилик соҳасида ишларнинг хавфсиз олиб борилишини назорат қилиш давлат хизмати “Азия-Плюс” нашрига берган маълумотда айтилишича, ҳодиса 21 октябр куни тахминан соат 16:15 да ГЭСнинг “Б” секциясида, тўртинчи ярусдаги қурилиш туннелида олиб борилаётган цементлаш ишлари пайтида содир бўлган. Резервуар ёрилиши оқибатида техник сув туннелдаги ишчилар устига оқиб тушган.

Расмий маълумотларда ҳодиса оқибатида ишчилардан ҳеч бирида жисмоний жароҳатлар бўлмагани, уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилгани ва ишга қайтишгани қайд этилган.

“Озодлик радиоси” эса ўз манбасига таяниб, ҳодиса оқибатида гидроэлектрстанциянинг камида беш нафар ишчиси тан жароҳати олганини хабар қилган.

Роғун ГЭС қурилишидаги хавфсизлик масаласи олдинги йилларда ҳам кўтарилган. Жумладан, 2024 йил ноябр ойида қурилиш майдонида юз берган авария оқибатида уч нафар ишчи ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳатланганди. 2025 йилда ҳам хавфсизлик масаласидаги муҳокамалар давом этган. Лойиҳада иштирок этаётган Эрон компанияси ходимларидан бири сифатсиз материаллар ишлатилаётганини тахмин қилган.

Тожикистон Давлат назорати хизмати маълумотига кўра, ўтган йили Роғун ГЭСда 8 та бахтсиз ҳодиса рўйхатга олинган. Шу билан бирга, ушбу ҳодисаларда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сонига аниқлик киритилмаган.

“Азия-Плюс” нашри маълумотига кўра, жорий йилнинг олти ойида Тожикистоннинг саноат ва тоғ-кон корхоналарида 32 та бахтсиз ҳодиса юз берган. Натижада 23 киши ҳалок бўлиб, яна 19 киши жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар орасида Роғун ГЭС қурилишида ишлаган икки нафар хитойлик ва бир нафар эронлик ҳам бор.

Киритилди: 23:52 29.10.2026. Ўқилди: 622 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!