Мутахассислар фикрига кўра, “Тропикамид”ни сурункали истеъмол қилиш саноқли ҳафталар ичида дорига қутулиш қийин бўлган руҳий қарамликни келтириб чиқаради. Хотира жуда тез сустлашади. Кайфият жуда тушкун бўлиб қолади, беморлар иложсизлик ҳиссидан азият чека бошлайди.
Маълумки, 27.09.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги ”818-сон қарори билан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати тасдиқланган.
Ушбу рўйхатда "Тропикамид" номли дори воситаси ҳам киритилган бўлиб, чакана реализация (сотиш) фақат гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган дорихоналар ва ижтимоий дорихоналар орқали амалга оширилиши белгиланди.
Шундай бўлса-да, ушбу дори воситасини ҳеч қандай ҳужжатларсиз қонунга зид равишда чегара ҳудудидан олиб ўтиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киришига чек қўйиш мақсадида ўтказилган тадбирда айрим фуқаролар томонидан қонунга зид равишда "Тропикамид", "Прегабалин" ва бошқа турдаги кучли таъсир қилувчи моддалар олиб ўтилаётганда ушланган ва олиб қўйилган ашёвий далиллар суднинг 9 та ижро ҳужжатига асосан йўқ қилиниши белгиланган.
Суд ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида Бюронинг Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан жами 379 дона "Тропикамид", 685 дона "Прегабалин" ва бошқа турдаги кучли таъсир қилувчи моддалар тегишли тартибда йўқ қилиниб, инсонлар саломатлигига зиён етказиши олди олинди.