Ёзда буйракларингизга ғамхўрлик қилиш учун сиз бир нечта оддий қоидаларга амал қилишингиз керак. Қуйида энг муҳимлари билан таништириб ўтамиз.
- Кўпроқ суюқлик ичинг. Иссиқ ҳавода сувсизланишнинг олдини олиш ва буйракларни токсинлардан тозалаш учун етарли миқдорда сув ичиш шарт. Кунига 2-3 литр суюқлик, жумладан, сув, кўк чой, мевали ичимликлар, компотлар ичиш тавсия этилади.
- Туз истеъмолини чекланг.
Туз танадаги сувни ушлаб туради, бу эса қон босимининг ошишига ва буйракларнинг зўриқишига сабабчидир. Тузни кунига 3-5 граммгача чеклаш тавсия этилади.
- Жудаям тўйиб овқатланиш ва ёғли таомларни истеъмол қилиш буйракларингизга қўшимча юк олиб келиши ва тошларнинг пайдо бўлишига замин ҳозирлайди.
- Қон босими ва глюкоза даражасини назорат қилинг. Юқори қон босими ва ортиқча глюкоза буйракларингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу икки кўрсаткични мунтазам равишда текшириб, натижага монанд чора кўриб юринг.
- Доимий тиббий кўрикдан ўтинг.
Буйрак текшируви, жумладан пешоб таҳлили ва ультратовуш текшируви муаммоларни эрта аниқлашга ёрдам беради.
- Спиртли ичимликлар ва чекишдан тийилинг. Ушбу ёмон одатлар буйраклар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши турган гап.
- Жисмоний фаоллик қон айланишини яхшилайди ва буйраклар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Дарвоқе, меъёрий вазн ҳам буйрак саломатлигини таъминлайди.
- Барра мева ва сабзавотлар, калийга бой таомнома ва балиқни буйрак яхши кўради.
- Токсик моддалар билан алоқа қилишдан сақланинг. Буйракларга зарар етказадиган органик эритмалар ва оғир металларга тўқнаш келмасликка ҳаракат қилинг.
- Бел оғриғини эътиборсиз қолдирманг. Белда оғриқ турса, зудлик билан шифокорга кўрининг.