Тел-Авивнинг «Маккаби» футбол клуби ва Голландиянинг «Аякс» клублари ўртасида 8 ноябрга ўтар кечаси якунланган футбол учрашувидан сўнг ўнлаб исроиллик мухлислар ҳужумга учради. Камида 10 нафар исроиллик жароҳат олди, дея хабар бермоқда Ynet портали Исроил ТИВ маълумотларига таяниб. Қайд этилишича, ниқоб кийган ва Фаластин байроқларини кўтарган одамлар, жумладан, исроиллик мухлислар яшайдиган меҳмонхоналарга киришга ҳаракат қилган.
Нидерландия полицияси вакилининг АНПга маълум қилишича, 57 киши ҳибсга олинган. Исроил ташқи ишлар вазирлигининг янги раҳбари Гидеон Саар Голландия ҳукуматига Исроил фуқароларини меҳмонхоналардан аэропортгача хавфсиз йўналиш билан таъминлаш илтимоси билан мурожаат қилди. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Голландияга иккита қутқарув самолётини жўнатиб, «бу даҳшатли воқеани ўта жиддийлик билан кузатаётганини» қўшимча қилди.
Нидерландиядаги ҳукмрон коалицияга кирувчи энг йирик ўта ўнг «Озодлик» партияси раҳбари Геэрт Вилдерс оммавий муштлашув ҳақида кескин гапирди. «Амстердам кўчаларида яҳудийлар учун ов кетмоқда», — деб ёзди сиёсатчи Х ижтимоий тармоғида.