Бугун 1 март, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Америкаликлар оммавий равишда мамлакатни тарк этмоқдами?

Америкаликлар оммавий равишда мамлакатни тарк этмоқдами?

Ўтган йили АҚШдан кетганлар сони келганлардан кўп бўлди — бу ҳолат 1930-йиллардаги Буюк депрессиядан бери илк бор кузатилди.

2025 йилда 1930-йиллардаги Буюк депрессия давридан буён илк марта АҚШдан кетганлар сони келганлардан ошди. Брукингс институти ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили АҚШ фуқароларининг соф кетиши тахминан 150 минг кишини ташкил этган. Таҳлилчилар 2026 йилда бу фарқ янада ошиши мумкинлигини таъкидламоқда, бироқ расмий статистика барча кетганларни қамраб олмайди.

Ички хавфсизлик вазирлиги маълумотига кўра, бир йил ичида 675 минг киши депортация қилинган, яна 2,2 миллион киши мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этган. Шу билан бирга, АҚШга 2,6–2,7 миллион нафар мигрант кириб келган — бу 2023 йилдаги энг юқори кўрсаткичдан деярли икки баравар кам. Бироқ алоҳида тенденция айнан америкаликларнинг ўзига тааллуқли: тобора кўпроқ фуқаро хорижга кўчиб кетмоқда.

Wall Street Journal (WSJ) 15 та давлат маълумотларини ўрганиб, фақат расмий ҳисоботларга кўра камида 180 минг америкалик шу мамлакатларга кўчиб ўтганини аниқлаган. Асл рақамлар бундан юқори бўлиши мумкин. Мутахассислар хориждаги АҚШ диаспорасини 4–9 миллион киши деб баҳоламоқда.

Европа асосий йўналишга айланган. Португалияда америкаликлар сони пандемиядан бери 500 фоиздан ортиқ ўсган ва ўтган йилнинг ўзида яна 36 фоизга кўпайган. Испания ва Нидерландияда уларнинг сони сўнгги ўн йилда деярли икки бараварга ошган, Чехияда эса икки баравардан кўпроқ ўсган. 2025 йилда Германияга кўчиб келган америкаликлар сони АҚШга кетган немислар сонидан кўп бўлган. Ирландия эса тахминан 10 минг нафар АҚШ фуқаросини қабул қилган — бу ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп.

Шунингдек, АҚШ фуқаролигидан воз кечиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Иммиграция компаниялари 2024 йилда бундай аризалар 48 фоизга ошганини қайд этган. Британия ва Ирландия паспортларини олаётган америкаликлар сони рекорд даражага етган.

Сабаблар турлича кўрсатилмоқда: яшаш харажатларининг ўсиши, жиноятчиликдан хавотир, сиёсий қутблашув ва Дональд Трамп давридаги сиёсатдан кўнгил қолиш. Gallup сўрови натижаларига кўра, ҳар бешинчи америкалик хорижга кўчиб ўтишни исташини билдирган, ҳолбуки 2008 йилда бундай жавобни ҳар ўнинчи киши берган эди.

24 февраль куни Конгрессда сўзга чиққан Трамп АҚШ иқтисодиёти бошқа ривожланган давлатлардан илгарилаб кетаётганини, қатъий миграция сиёсати эса ноқонуний миграцияга қарши қаратилганини, ўз фуқароларига эмаслигини таъкидлаган. Шунга қарамай, кетиш кўлами Американинг жаҳоннинг асосий жозиба маркази сифатидаги аввалги имижига савол туғдирмоқда, деб хулоса қилади WSJ.

Киритилди: Бугун 18:28. Ўқилди: 1091 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!