Венгрияда парламент сайловларида ғалаба қозонган “Тиса” партияси етакчиси Петер Мадяр мамлакат президенти Тамаш Шуёкни истеъфога чиқишга чақирди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
“Парламент мени бош вазир этиб сайлагач ва ўз ҳукуматимни шакллантиргач, ундан лавозимини тарк этишни сўрадим. Агар у буни ихтиёрий равишда қилмаса, биз ўз ваколатларимиздан фойдаланамиз, конституцияга зарур ўзгартиришлар киритамиз ва уни лавозимидан четлатамиз”, деди Мадяр матбуот анжуманида.
Сиёсатчи унинг партиясида ҳозирча президентликка ўз номзоди йўқлигини айтди. Бироқ Венгрия миллати бирлигини ифода этадиган шахс топилишига умид қилаётганини таъкидлади. Петер Мадяр 15 апрель куни Венгрия президенти билан учрашди.
Тамаш Шуёк билан учрашувга парламентда вакиллик қилаётган бошқа икки партия етакчилари, жумладан, Виктор Орбан ҳам таклиф этилган. Учрашувдан сўнг журналистлар билан суҳбатда Мадяр сайловларнинг расмий натижалари 4 май куни тайёр бўлишини айтди.