Эрон томони Америка ҳарбий кемалари юзлаб километр узоқликка чекинганини маълум қилганига қарамай, АҚШ ҳарбий кемалари Ҳормуз бўғози ва унга туташ сув ҳудудларида ўз вазифаларини бажаришда давом этмоқда.
Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилди.
«Яқин Шарқда жойлаштирилган Америка кучлари Ҳормуз бўғози ва унга туташ сув ҳудудларида ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, юқори даражадаги ҳушёрликни сақлаб турибди. Бу ҳолат ўтган дам олиш кунлари CENTCOM қўмондони томонидан ҳам тасдиқланди», — дейилади баёнотда.
Қўмондонлик Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонининг Америка ҳарбийлари Ҳормуз бўғозини тарк этиб, ундан юзлаб километр узоқликка чекингани ҳақидаги баёнотини ҳақиқатга тўғри келмайди, деб атаган.
«Ушбу халқаро сув йўли устидан назоратни Эрон эмас, балки АҚШ Қуролли кучлари ва уларнинг минтақавий ҳамкорлари амалга оширмоқда», — дея таъкидлаган CENTCOM.