Ўзбекистоннинг Шри-Ланкага янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси қароргоҳи (Исломобод шаҳрида жойлашган) Алишер Тўхтаев ушбу мамлакат Давлат протоколи раҳбари Роҳана Амбаголлага ишонч ёрлиғи нусхаларини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Учрашув аввалида Роҳана Амбаголла Ўзбекистон раҳбариятига Шри-Ланкада илк элчисини тайинлагани учун самимий миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, мазкур қадам икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим сиёсий қарор бўлиб, ўзаро ҳамкорликка янги суръат бағишлайди.
Шри-Ланканинг Ўзбекистон билан янги форматдаги ҳамкорликка очиқлиги тасдиқланди ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг глобал Жануб билан яқинлашиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслари юқори баҳоланди.
Шри-Ланка расмийси Алишер Тўхтаевнинг Коломбо шаҳридаги фаолияти барча йўналишларда тизимли ва самарали ишлаш учун мустаҳкам асос яратишига ишонч билдирди.
Шри-Ланка Ўзбекистон билан барча йўналишларда, хусусан, савдо, логистика, таълим ва туризм соҳаларида амалий ҳамкорликни жадал кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини алоҳида қайд этилди.
Икки мамлакат ўртасида иқтисодий дипломатияни ривожлантириш масалалари, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Икки томонлама савдо айланмасининг ҳозирги ҳажми қониқарсиз экани қайд этилиб, ушбу кўрсаткични яқин истиқболда 50 миллион долларга етказиш учун аниқ чораларни кўришга келишиб олинди.
Экспорт ва импорт суратларини ошириш учун транспорт ва логистика ечимларини биргаликда ишлаб чиқиш, ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда онлайн платформа ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда йўлга қўйиш масалалари хусусида фикр алмашилди.