Самарқанд вилоятида яшаб келган ва оилавий низолардан узоқлашишни истаган ёш она Насиба (шартли исм) хорижда ваъда қилинган юқори даромадли ишга алданиб, оғир вазиятга тушиб қолди.
Ижтимоий тармоқларда ўзини муваффақиятли тадбиркор сифатида танитган Истанбулда яшовчи Кемал (шартли исм) Насибага малака ва тил билими талаб қилинмайдиган, юқори маошли ишни ваъда қилиб, уни ишчи визасисиз Туркияга олиб келди. Аммо кейинчалик йўл харажатлари учун қарздорлигини билдирган “саховатли тадбиркор” унинг паспортни олиб қўйди ва оғир шароитларда ишлашга мажбурламоқчи бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан консулхонага келиб тушган мурожаат асосида дипломатик ваколатхонамиз ҳамда Миграция агентлигининг Туркиядаги ваколатхонаси томонидан тезкор чоралар кўрилди. Олиб борилган тадбирлар натижасида фуқаромиз соғ-омон ҳолда Ватанимизга қайтарилди. Шу билан бирга, ёлғон ваъдалар бериб, фуқаромизни алдашга уринган шахснинг ҳаракатлари юзасидан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига тегишли маълумот тақдим этилди.