17 сентябрь куни адабиётшунос олим ва академик Наим Каримов вафот этди, дея хабар бермоқда Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати.
Наим Каримов 1932 йил 12 декабрда Тошкентда туғилган. Ўрта Осиё давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. 1993 йилда унга филология фанлари доктори илмий даражаси, 1994 йилда эса профессор илмий унвони берилган.
Унинг илмий изланишлари, асосан, XX аср ўзбек адабиётини ўрганиш, жадид адиблари — Чўлпон, Фитрат, Ҳамза ижоди билан боғлиқ. 1999 йилда Наим Каримов қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоат комиссиясига раҳбарлик қилган. Олим Ўзбекистон миллий энциклопедияси бош таҳририяти аъзоси ҳамдир.
Илмий фаолияти учун Наим Каримов 1996 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвони, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.