15 сентябрь, якшанба куни АҚШнинг Флорида штати Вест Палм-Бич шаҳридаги Дональд Трампнинг гольф клуби яқинида отишма юз берди. Воқеадан хабардор Reuters манбаларига кўра, бир нечта ўқ узилган.
Собиқ президент сайловолди штаби вакили Стивен Чунг сиёсатчи жароҳат олмаганини маълум қилди. “Президент Трамп унга яқин жойда ўқ узилганидан кейин хавфсиз. Ҳозирча қўшимча тафсилотлар йўқ”, — дейилади сиёсатчи штаб-квартираси баёнотида.
Associated Press хабарига кўра, Трамп гольф ўйнаётган вақтда Махфий хизмат агенти гумонланувчига қуролдан ўқ узган. Шериф матбуот котибининг айтишича, отишмада ҳеч ким жабрланмаган.
The New York Times газетасининг ёзишича, икки номаълум шахс собиқ президентга эмас, бир-бирига қарата ўт очган.
Трампнинг гольф клубига ўқ узган шахс аввалроқ қўлга олинган эди, деди собиқ президентнинг ўғли, кичик Дональд Трамп. “Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, буталар орасидан АК-47 автомати топилган”, — деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
АҚШ Махфий хизмати матбуот котиби Энтони Гуглиелми Х ижтимоий тармоғида Трамп хавфсиз эканлигини тасдиқлади. Шунингдек, у Махфий хизмат воқеа юзасидан тергов бошлаганини маълум қилди.
Associated Press хабарига кўра, Оқ уй президент Жо Байден ва вице-президент Камала Харрис бу воқеадан хабардор бўлганини ҳамда Трамп жароҳат олмаганидан “хотиржамлик ҳис қилганини” билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 13 июль куни Бутлер шаҳрида (Пенсильвания штати) сайловолди ташвиқоти чоғида Дональд Трампга суиқасд уюштирилган эди. Маълум бўлишича, 20 ёшли Томас Крукс исмли йигит сиёсатчи нутқ сўзлаётган жойдан 120 метр узоқликдаги бино томидан митинг иштирокчиларига қарата ўқ узган.
Отишмада бир киши ҳалок бўлди ва бир неча киши яраланди, жумладан Трампнинг ўзи ҳам ўнг қулоғидан жароҳат олди. Ўқ унинг қулоғини тилиб ўтди. Махфий хизмат ходимлари ҳужумчини йўқ қилди. Крукснинг жасади ёнидан AR-15 русумли ярим автоматик милтиқ топилган.
Федерал қидирув бюроси берган маълумотларга кўра, ҳужумчи узоқ вақт давомида ҳужумга тайёргарлик кўрган. Бир йилдан кўпроқ вақт давомида у портловчи мослама ясаш учун қурол ва материаллар сотиб олган.