Бу ҳақда Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (Africa CDC) хабар берди.
"2025 йил бошидан буён Африка мамлакатларида 205 мингта вабо касаллигини юқтириш ҳолати қайд этилди, ўлим даражаси 2,1 фоизга етди. Ўтган йили бу кўрсаткич 1,9 фоизни ташкил этган", дейилади ташкилот ҳисоботида.
Africa CDC вакили Нгаши Нгонгонинг айтишича, бу ўртача кўрсаткич, аммо маҳаллий шароит оғир бўлса, ўлим даражаси бундан анча юқори бўлиши мумкин.
Вабо қурбонларининг асосий ўлим сабаби организмнинг сувсизланиши бўлган. Кўпинча бу касаллик тоза ичимлик суви топа олмайдиган камбағал ва ижтимоий ҳимоясиз қатламлар орасида тарқалади.
БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) огоҳлантиришича, ғарбий ва марказий Африкада ёмғирлар мавсуми бошланиши билан 80 мингдан ортиқ бола вабо юқтириш хавфи остида қолган. Кучли ёмғирлар сабабли ҳожатхоналардан оқиб чиққан ахлатлар қудуқлар ва дарёларга тушмоқда.