Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) етакчи илмий ходими Саймон Ланган бошчилигидаги экспертлар гуруҳи Африкада 717 миллион киши тоза сувдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум эканини аниқлади.
Тадқиқот натижалари Nature илмий журналида эълон қилинди.
Тадқиқотчилар 2010–2020 йиллар оралиғида қитъанинг 49 та мамлакатидаги тегишли миллий ташкилотлар ва агентликлар томонидан тўпланган маълумотларни таҳлил қилган. Ушбу маълумотлар асосида олимлар бутун Африка бўйича сув ресурсларига бўлган талаб ва уларнинг истеъмолини акс эттирувчи батафсил харитани тузишган.
Маълум бўлишича, Африкада атиги 642 миллион киши тоза водопровод сувидан фойдаланиш имкониятига эга. Уларнинг аксарияти йирик шаҳарларда истиқомат қилади.
Кейинги таҳлиллар сўнгги ўн йил ичида Африкада сувга бўлган умумий талаб 26 фоизга ошганини кўрсатди. Жумладан, 2010 йилда 274 куб километрни ташкил этган сувга бўлган талаб 2020 йилга келиб 347 куб километрга етган. Бу ҳолат аҳоли сонининг кўпайиши, саноат ва қишлоқ хўжалигининг ривожланиши билан боғлиқ.
Ушбу сув ҳажмининг қарийб 65 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Уй хўжаликлари ва шаҳар инфратузилмаси эса сувга бўлган талабнинг тахминан 17 фоизини ташкил этади.
Алоҳида мамлакатлар кесимида тоза водопровод суви билан таъминланиш даражаси Шимолий ва Жанубий Африка давлатларида юқорироқ. Масалан, Мисрда бу кўрсаткич 99 фоиз, Тунисда 92 фоиз, Марокашда 78 фоизни ташкил этади. Шунингдек, Ботсванада аҳолининг 91 фоизи, Жанубий Африка Республикасида 90 фоизи ва Намибияда 83 фоизи тоза водопровод сувидан фойдаланиш имкониятига эга.
Ғарбий, Марказий ва Шарқий Африка давлатларида эса водопровод сувидан доимий фойдаланиш имкониятига эга аҳоли улуши анча паст. Бу ҳудудларда яшовчилар шахсий эҳтиёжлари ва суғориш учун кўпинча хавфсизлик даражаси паст бўлган бошқа сув манбаларидан фойдаланишга мажбур.