Охирги бир йил ичида тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган дунё аҳолисининг улуши 673 миллион кишигача камайди, бироқ Африка ва Ғарбий Осиёда оч қолганлар сони ортиб бормоқда.
Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан эълон қилинган дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботда айтилади.
"2024 йилда дунё аҳолисининг 8,2 фоизи ёки қарийб 673 миллион киши очликдан азият чекди, 2023 йилда бу кўрсаткич 8,5 фоиз, 2022 йилда эса 8,7 фоиз бўлган”, — дейилади матнда. Қайд этилишича, бу ижобий тенденция “Африка ва Ғарбий Осиёда оч одамлар сонининг барқарор ўсиб бораётганидан кескин фарқ қилади”. 2024 йилда Африкада очликдан азият чекаётган аҳолининг улуши 20 фоиздан ошди ёки 307 миллион киши. Ғарбий Осиёда у 12,7% ёки 39 миллиондан ортиқ кишини ташкил этди.
Ҳисоботда 2030 йилга бориб 512 миллион киши сурункали тўйиб овқатланмасликдан азият чекиши, уларнинг деярли 60 фоизи Африкада очликдан азият чекиши тахмин қилинмоқда.