2021 йилда “Толибон” Кобулни эгаллаганидан сўнг афғон ҳарбийлари Сурхондарё ҳудудига олиб ўтган самолёт ва вертолётлар тақдири яна кун тартибига чиқди.
Манбаларга кўра, собиқ Афғонистон армиясига тегишли 57 та вертолётни қайтариш режалаштирилган. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотича, ўша пайтда Ўзбекистонга 46 та, Тожикистонга эса 18 та ҳаво кемаси олиб ўтилган. Улар орасида Ми-17 ва UH-60 Black Hawk вертолётлари, шунингдек PC-12, C-208, AC-208 ва A-29 туридаги самолётлар бор эди.
“Толибон” ҳар икки давлатдан ушбу авиатехника қайтарилишини бир неча бор талаб қилган. Бироқ 2024 йилда АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник улар Ўзбекистонда қолишини, бу бўйича келишувга эришилганини таъкидлаган. Шу билан бирга, АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси Тожикистон ҳукуматига самолётларни “Толибон”га топширмагани учун миннатдорлик билдирган.
2025 йил бошида Вашингтонда Ўзбекистон элчихонасида ўтган тадбирда Пентагон расмийлари вертолётларнинг бир қисми АҚШга қайтарилганини маълум қилганди. Хусусан, ишга яроқли деб топилган 7 та Black Hawk вертолёти топширилган. “Толибон” Мудофаа вазирлиги буни қоралаган.
Маълумотларга кўра, “Толибон” ҳокимиятга келишидан аввал АҚШ Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларини жами 229 та жанговар ва транспорт вертолёти билан таъминлаган. Ўзбекистон расмийлари эса авиатехника АҚШ мулки эканини, уни қайтариш масаласи муҳокама қилинмаганини таъкидлаб келган.