Афғонистонда “Толибон” ҳукумати Дайкунди провинциясининг Нили шаҳрида жойлашган иккита бозорда аёлларга тегишли дўконларни ёпиб қўйди. Оқибатда 300 нафар аёл ишсиз қолди. Бу ҳақда “Afghanistan International” хабар берди.
Қайд этилишича, дўконлар эркаклар орасида фаолият юритаётгани сабабли ёпиб қўйилган. Дўкон эгалари норозилик билдириб, “Толибон” губернатори идорасига борган, бироқ улар идорада ҳақоратли муносабатга дуч келган.
Манбаларнинг маълум қилишича, 11 ноябрь куни “Толибон” ҳукумати Нили шаҳридаги аёллар дўконларини ёпиб, уларга: “Ишни шаҳарнинг чегарасидаги боғда давом эттирасизлар”, деган.
Маҳаллий “Толибон” расмийлари аёлларга фаолиятни давом эттириш учун 50 минг афғонийдан қиммат турадиган махсус будка сотиб олишларини айтган ва улардан ҳукумат кўрсатган жойга кўчиб ўтишларини талаб қилган.
Бу харажат оиласини боқаётган кўплаб аёллар учун жуда оғир.
“Толибон” ҳаракати бунга қадар ҳам Нилининг эски ва янги бозорларидан аёлларни чиқариб юбориш билан таҳдид қилганди. Маълумотларга кўра, аллақачон 60 нафар аёл тадбиркор “Толибон” белгилаган бошқа жойга ўтказилган.
“Дўконларимиз тўрт кундан бери ёпиқ. Сабаби — эркаклар орасида ишлашимизга рухсат йўқ”, деган дўкони ёпилган аёллардан бири.
Аёллар шу воқеадан бери бир неча бор губернатор идорасига борган. Аммо “Толибон” вакили улар билан учрашишни рад этган. Улар талаб қилгач, ўринбосар айрим аёллар билан учрашган, бироқ учрашувда уларга яхши муомала қилинмаган.
“Ёки ҳокимият тартиб-қоидаларига бўйсунасиз, ёки дўконингизни йиғиб уйда ўтираверинг”, деган “Толибон” расмийлари аёлларга.