Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг 10.12.2025 йилдаги ижро варақасига асосан Мажбурий ижро бюроси Жалақудуқ туман бўлими томонидан номулкий ижро ҳужжати ижроси таъминланди.
Хусусан, фуқаро Д.Х. узоқ вақт давомида ногирон боласини етаклаб, уйсиз сарсон бўлаётганди. Суд қарори билан она ногирон боласи билан уйга киритиб қўйилиши белгиланди. Сабаби, эр-хотин ўрталаридаги низо туфайли уйга қайтишга турмуш ўртоғи М.А. қаршилик қилган.
Давлат ижрочиси томонидан уй-жойга киритиш тўғрисидаги суд қарори талабини бажариши ҳақида жавобгар М.А. огоҳлантирилган бўлса-да, ихтиёрий равишда ижро ҳужжати талабини бажармаган.
Шундан сўнг, тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида ўз уй-жойига кириш имкониятидан маҳрум бўлиб келган она ўзининг ногирон фарзанди билан бирга яшаш хонадонига киритилиши таъминланди.
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирмоқда.