Ўзбекистон фуқаролари номаълум сабабларга кўра БААнинг Абу-Даби шаҳрига киритилмаётгани ҳақида хабар берилган эди. Уларнинг бир қисми Тошкентга қайтиб келди. Бу ҳақда Аir Arabia авиакомпаниясининг эрталабки рейсида келган йўловчилардан бири “Газета.uz”га маълум қилди.
30 ноябрь куни Абу Даби шаҳридаги Шайх Зоид номидаги халқаро аэропортга Тошкент—Абу-Даби йўналиши бўйича Wizz Air авиақатнови орқали учиб келган 31 нафар Ўзбекистон фуқароси номаълум сабабларга кўра амирликлар ҳудудига киритилмаганди. Улар аэропортдан чиқарилмаган ва бир суткадан ортиқ қолиб кетган.
Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси вазият назоратда эканини маълум қилди, бироқ йўловчилар дипломатик миссия вакилларини кўрмаганини ва уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаганини айтган. Тошкентга қайтганларнинг барчаси чипталарни ўз ҳисобидан сотиб олган.
“Қўлга олишлар айнан Абу-Дабида содир бўлмоқда. Биз билан бирга ёки кейинроқ Дубайга учиб келган танишларимиз ҳеч қандай муаммога дуч келмади”, деган Тошкентга қайтиб келган йўловчилардан бири.
Wizz Air вакили Муҳаммадюсуф Муҳаммадусмоновнинг билдиришича, киритилмаган фуқароларнинг барчасига қайтиш чиптаси қилиниб, Ўзбекистонга олиб келиняпти.