Термиз туманидаги Мангузар маҳалласида яшовчи тадбиркор Р.Рашидованинг уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган номаълум шахс ўтган йил ноябрь ойидан жорий йил июль ойига қадар ўғирлик содир этиб келган.
Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасидан маълум қилишларича, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида амалга оширилаётган тизимли ишлар олис ва чекка ҳудудлардаги хонадонларга ҳам кириб, уларнинг муаммоларини, ижтимоий аҳволини ўрганишда қулай имконият яратди. Бу жараёнда кўтарилаётган муҳим масалаларни давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳал этиш чораларини кўриш йўлга қўйилиб, аниқланган ҳуқуқбузарликларни қонун доирасида бартараф этишга эътибор кучайтирилди. Профилактика инспекторларининг маҳаллада ҳисобот бериш тартиби жорий этилди. Оилавий муносабатлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда.
Бу каби сайъи-ҳаракатлар кўплаб ҳуқуқбузарларни соғлом ҳаётга қайтариш, хонадонлардаги нотинчликларга барҳам бериш имкониятини кенгайтирмоқда. Содир этилиши мумкин бўлган айрим жиноятларга чек қўйиб, юз берган жиноятларни тезкорлик билан аниқлаш, муқаддам очилмай қолган турли жиноятларни фош этишга кўмаклашаётир. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириб, одамларнинг ички ишлар идораларига ишончини мустаҳкамламоқда. Жумладан, Денов туманидаги Файзобод маҳалласида яшовчи 25 ёшли ишсиз Г.Ашурованинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳовлиси кўздан кечирилганда, “Наша” гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланган ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган. Таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган ўсимлик йўқ қилиниб, томорқасида оғу етиштираётган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Термиз туманидаги Мангузар маҳалласида яшовчи тадбиркор Р.Рашидованинг уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган номаълум шахс ўтган йил ноябрь ойидан жорий йил июль ойига қадар қиймати 27 миллион 550 минг сўмлик турли замонавий маиший техника воситалари, кийим-кечак ва бошқа буюмларни ўғирлаб кетган. Жабрланувчининг мурожаати асосида олиб борилган қидирув ишлари натижасида мазкур ўғирликни Термиз шаҳри Ч.Сафаров кўчасида яшовчи Ш.Ҳаитов содир этгани аниқланиб, ушланган ва ашёвий далиллар олинган. Термиз шаҳрининг Эски шаҳар маҳалласида яшовчи Ж.Бердиев шу йилнинг март-апрель ойларида ўғрилик жиноятини содир этиб, жиноий жавобгарликдан қочиб юрган эди. Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан қидирувга берилган бу шахс беш йил муқаддам қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жинояти билан судланган. У узоққа қочиб кетолмади, шаҳар ҳудудида ушланди. Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
– Жарқўрғон туманида вилоят ички ишлар бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган махсус тадбир ҳам ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини янада оширди, – дейди вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Криминоген тезкор вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг осойишта ҳаётини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда профилактика инспекторлари ҳам иштирок этди. Махсус тадбир доирасида фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, оилавий муносабатлар билан боғлиқ айрим масалаларга барҳам берилди. Муқаддам жиноят содир этган шахслар ҳамда ҳуқуқбузарликка мойил фуқаролар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Жиноятга қўл уриб, жавобгарликдан қочиб юрган қатор шахслар аниқланиб, қўлга олинди. Масалан, Шеробод туманидаги Ғўрин Гиламбоб маҳалласида яшовчи Ғ.Шоллиев шу йил май ойида Тошкент шаҳрида фирибгарлик жиноятини содир этиб, жиноий жавобгарликдан қочиб юрган эди. У аввал ҳам фирибгарлик, ўғрилик, ҳужжатлар, штамплар, муҳр ва бланкаларни, автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалар) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки яшириш, ўзбошимчалик каби жиноятлари учун судланган. Қаранг, у ҳам Жарқўрғон туманида яшириниб юрган экан, қўлга олинди. Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши тизимли ишлар амалга оширилаётгани вилоятни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилгани билан эътиборга сазовордир.
Manba: uza.uz