Бугун 3 май, 2025 йил, шанба

O'ZB

80 гектардан ортиқ ер майдони чиқинди полигонларидан табиатга қайтарилди

80 гектардан ортиқ ер майдони чиқинди полигонларидан табиатга қайтарилди


Чиқиндихоналар давлат тасарруфига берилгач, уларга эътибор, муносабат ва бошқарув ҳам тубдан ўзгарди деса бўлади. Эгасиз ва қаровсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, кўз ўнгимиздаги салбий манзарадаги чиқиндихоналар энди тартибга кирапти.
Президентнинг 2023-йил 31 майдаги 171-сон Қарорига асосан “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси ташкил этилиб, чиқинди полигонлари бошқарувини тизимлаштириш, модернизация қилиш ҳамда оптималлаштириш вазифаси юклатилган эди.

Ҳозир чиқиндихоналарда атмосферага чиқарилаётган ташланмаларни мониторинг қилиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича сув ҳавзаси, санитар бурчаклар, қоровулхона, ҳожатхона ҳамда сув қудуқлари, дизбарер қурилмаси барпо этилиб, узлуксиз электр ва ичимлик суви таъминотига эътибор қаратиляпти.

Жумладан, Экология вазирлиги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси томонидан полигонлардаги 300 га яқин махсус техникаларга замонавий GPS назорат тизими ўрнатилган. Давлат буджети маблағлари ҳисобидан қўшимча 78 та махсус техника харид қилиниб, ҳудудларга тарқатилган.

Ҳозирда жами 184 та маиший чиқинди полигонидан 39 таси тартибга келтирилиб, ўртача 70-80 см тупроқ қатлами билан ёпилди, аҳоли саломатлиги, атроф-муҳит ва экологияга салбий таъсирига чек қўйилиб, ерлар табиатга қайтарилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Тошкент, Наманган, Андижон, Бухоро, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларининг жами 14 та туманда жойлашган қаттиқ маиший чиқинди полигонларида суриш, зичлаш, текислаш ишлари амалга оширилди. Қолаверса, манзилли дастур асосида 37 та чиқинди полигони автотарози ва кузатув камералари билан жиҳозланмоқда.

Шунингдек, 2025-йил давомида 18 та чиқинди полигонини рекултивация қилиб, тупроқ қатлами билан ёпиш мақсад қилинган.

“Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида республика бўйича 2024-йилда 123 та чиқинди полигони атрофида 461,0 минг туп ҳамда 2025-йил баҳор мавсумида 130 та чиқинди полигони атрофида 367,7 минг туп терак, тут, қайрағоч, саксовул, тол ва бошқа турдаги дарахт кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ”лар ташкил этилди.

Келгусида 970 гектар ер майдонини рекултивация қилиб, табиатга қайтариш, йилига 58,5 млн тонна газ сизиб чиқиши ҳамда ёнғин хавфини олдини олиш, сизот сувларининг атмосфера ҳавосига салбий таъсирини ўртача 78 фоизга камайтириш, 116 та шаҳар ва туманларда соҳадаги ҳолатни тўлиқ яхшилашга эришиш режалаштирилган.

Киритилди: 15:34 01.05.2025. Ўқилди: 479 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!