Бугун 19 май, 2025 йил, душанба

O'ZB

5 ташаббус доирасида 198,7 мингга яқин ўқувчи театр-студияларга жалб этилди

A A A
5 ташаббус доирасида 198,7 мингга яқин ўқувчи театр-студияларга жалб этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган беш ташаббус доирасида мамлакатимиз умумтаълим муассасаларида “Мактабда театр” лойиҳаси доирасида 2108 та ҳаваскор ёшлар театр-студиялари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур театр-студияларига 198,7 мингга яқин ўқувчилар жалб этилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади. Мазкур ташаббус доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида 2 108 та ҳаваскор ёшлар театр-студиялари ташкил этилди. Ҳозирда театр-студияларга 198 минг 698 нафар ўқувчилар жалб этилган бўлиб, улар томонидан мактаб фаолияти ва ижобий ҳамда салбий ўқувчилар образини очиб берувчи саҳна кўринишлари ижро этиб борилмоқда.

— “Мактабда театр” лойиҳаси мактабларда жорий этилиши бежиз эмас, — дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев. — Театр болани ҳар томонлама баркамол бўлиб ўсишига кўмак беради. Биринчидан, театр ўқитиш ва тарбиялаш услубларидан биридир. Иккинчидан, у фарзандларимизни томошабинлар олдида чиқишлар қилишни ва нутқини ривожлантиришга кўмак беради. Бундан ташқари, театр болаларни жамоада ишлашни, оқни қорадан ажратишни ўргатади. Зеро, ХХ аср бошларида ўзбек миллий театрига асос солган маърифатпарварларимиз бежиз театрни - ибратхона деб аташмаган. Энг асосийси, ўқувчиларни театр-студияларга жалб этган ҳолда миллий ва жаҳон адабиёти билан таништириш билан бирга уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтиши таъминланмоқда, вояга етмаганлар ўртасида ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этилиши олди олинмоқда.

Театр-студиялари учун ўқувчиларда миллий маданиятимизни шакллантиришга қаратилган пьеса ва саҳна намойиши сценарийлари ёзилиб, барча таълим муассасаларига етказилди. “Ўтган кунлар”, “Шум бола”, “Бой ила хизматчи”, Соғлом танда соғлом ақл”, “Бола подшо”, “Болари”, “Қайдасан болам”, “Қалдирғоч билан майна”, “Тилла туёқли оҳу” каби асарлар шулар жумласидандир.

Театрлар икки кўринишда олиб борилмоқда: 1-4-синф ўқувчилари учун “Қўғирчоқ театри” ва 5-11-синф ўқувчилари учун драма театри ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга театр-студияларига қизиқишни ошириш мақсадида юртимиздаги театрлар билан ҳамкорликда машҳур актёр ва актрисалар билан 30 дан ортиқ маҳорат машғулотлари ташкил этилди. Маҳорат дарслари Раъно Ярашева, Муқаддас Холиқова, Муҳаммадали Абдуқундузов, Азиза Бегматова, Шоҳида Исмоилова, Миролим Қиличев, Теша Мўминов, Хайрулла Саъдиев, Зуҳра Солиева, Сайёра Юнусова каби актёр ва актрисалар томонидан қизиқарли олиб борилди.

Тажриба сифатида тарих ва адабиёт дарсларида мавзулар бўйича ўқувчилар учун театр саҳна кўринишлари орқали актёрлик маҳоратларини ривожлантириш амалиёти жорий этилди.

Яккасарой туманидаги 118-мактабда ташкил этилган театр-студия раҳбари Сайёра Жуманиёзова шундай дейди:

– 2019 йилнинг март ойида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида мактабимизда ёшлар театр студияси ташкил этилди. Ушбу театр студияда раҳбарликни бошлаганимда 3 нафар ўқувчи аъзо бўлган эди. Ҳозирда 84 нафар ўқувчилар театр студияга аъзо бўлишган. Ўқувчилар билан йил давомида 8 та спектакль саҳналаштирдик. Ўқувчилар томонидан жуда ҳам илиқ кутиб олингани Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асари бўлди. Бир сўз билан айтганда, театр студияларининг ташкил этилиши янги истеъдодларни кашф этмоқда.

– Ушбу театр студияга аъзо бўлганимдан жуда хурсандман, — дейди 9-синф ўқувчиси, театр-студиясининг фаол актёри Собир Давронов. — Сабаби, бу ерда янги қирраларимни кашф этдим, янги дўстлар орттирдим. Театрда ҳаётнинг оқ ва қора томонларини кўра бошладим. “Ёшлар театр студияси” менинг иккинчи уйимга айланди. Бу ерда ўзимни эркин ҳис қиламан. Бу каби клуб ва йўналишлар биз ёшларга келажакда ўз ўрнимизни топишимизда катта аҳамиятга эга.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

 

 

Киритилди: 17:20 07.02.2020. Ўқилди: 4856 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!