Келгуси йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқатни экспорт қилиш бўйича 4 миллиард долларлик марра белгиланган.
Бу борада мева-сабзавотга ихтисослашган 1 мингта маҳаллада ишга солинмаган катта захира борлиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, “Қўшработ агростар” компанияси масъул бўлган Самарқанд ва Навоийдаги 84 та маҳалла майиз ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 5 миллион доллар инвестиция киритилиб, Қўшработ туманида майизни саралаш, сақлаш, қадоқлашга ихтисослашган замонавий агрокомплекс ташкил этилмоқда.
Қолган 15 та "Агростар" компанияси ҳам шундай ишласа, 1 мингта ихтисослашган маҳалланинг ўзида 500 миллион доллар экспорт, қўшимча 100 минг одамни даромадли қилиш мумкин.
Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ҳокимларига банклар билан ҳамкорликда ўз ҳудудида "Агростар" компанияларини ташкил қилиш топширилди.