Мисрнинг «Сада ал-Балад» ахборот агентлиги веб-сайтида Ўзбекистоннинг сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича сиёсатига бағишланган мақола жойлаштирилди.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат сиёсатининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини жадал ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда, - дейилади мақолада. - Бу эса, ўз навбатида, республиканинг сувга бўлган эҳтиёжининг ҳам кескин ортишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, глобал иқлим ўзгаришлари, аҳоли сони ўсиб бораётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кузатилаётган жадал ривожланиш ва улардаги сувга бўлган талаб ўсиши туфайли Ўзбекистонда сув ресурслари тақчиллиги йилдан-йилга ортиб бормоқда».
Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунига асосан республикада сувдан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, сувдан фойдаланишни бевосита ёки ҳавза (ҳудудий) бошқармалари орқали тартибга солувчи махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.
«Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасини янада такомиллаштириш, юзага келаётган янги таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида соҳада бир қатор институционал ва меъёрий-ҳуқуқий ўзгаришлар амалга оширилмоқда», - деб ёзган агентлик. - Натижада, мамлакатда барча ерусти сув объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилиши ҳамда сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда».
Материалда 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 31-мақсадида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш ва шу орқали камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш ҳамда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида бошқариш назарда тутилгани таъкидланган. Мазкур стратегиянинг 34-мақсадида эса республика аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 87 фоизга етказиш, 32 та йирик шаҳар ва 155 та туманлар марказларида оқова сув тизимларини янгилаш белгиланган.
«Умуман олганда, Ўзбекистонда сув хавфсизлигини таъминлаш нафақат ички ислоҳотларни, балки Марказий Осиё давлатларининг муштарак саъй-ҳаракатини талаб қилади. Ўзбекистон ушбу соҳада миллий қонунчиликни такомиллаштириш, минтақавий аҳамиятга эга бўлган ташаббусларни илгари суриш, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали фаоллик кўрсатмоқда», - деб ёзган «Сада ал-Балад».