Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг аннексия қилинган Луганскдаги ётоқхонага берган зарбасига жавобан, Россия Қуролли кучлари Киевдаги мудофаа корхоналари, “қарор қабул қилиш марказлари” ва қўмондонлик пунктларига зарбалар берилиши ҳақида таҳдидли баёнот эълон қилди.
ТИВ хорижликларни, жумладан дипломатларни “имкон қадар тезроқ” Киевни тарк этишга, шаҳар аҳолисини эса “Зеленский режимининг ҳарбий ва маъмурий инфратузилма объектларига яқинлашмасликка” чақирди.
Россия армияси 24 майга ўтар кечаси Украинага кенг қамровли ҳужум уйиштирди, унда жумладан “Орешник” мажмуасининг баллистик ракеталаридан ҳам фойдаланилди.
Ушбу ҳужум оқибатида турар жой бинолари, савдо марказлари, музейлар ва маданият муассасалари шикастланди. Икки киши ҳалок бўлди, 81 киши жароҳатланди.
Украина Қуролли кучлари 22 майга ўтар кечаси Луганскдаги Старобелск шаҳрига зарба берган эди. Россия зарба педагогика коллежи ётоқхонасига теккани ва 21 киши ҳалок бўлганини даъво қилди. Украина Қуролли кучлари Бош штаби эса Старобелск ҳудудида ўқ-дорилар омборлари, ҳаво мудофааси воситалари, бошқарув пунктлари ва Россия армиясининг штабларидан бирига зарба берилганини маълум қилди.