Эрон ва Россия кичик ядровий реакторларни қуриш бўйича протокол устидаги ишларни якунламоқда.
Бу ҳақда Эрон Атом энергияси ташкилотида маълум қилинган.
«Россия билан кичик модулли реакторларни қуриш бўйича ҳамкорлик давом этмоқда. Қурилиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида Москва билан протокол имзоланади», — дейилади хабарда.
Ташкилот матбуот котиби Беҳруз Камолвандийнинг таъкидлашича, Теҳрон ядровий энергия билан ўзини ўзи таъминлаш даражасига етган. Ташқи сиёсий босим ва АҚШ билан уруш давомида Аҳвоз шаҳридаги «Дархавин» атом электр станциясига қилинган ҳужумларга қарамай, соҳа ривожланишда давом этмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Бушер атом электр станцияси ҳозиргача атмосферага тахминан 86 миллион тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олдини олган ва 132 миллион баррель нефть истеъмолини тежаш имконини берган.
«Ҳозирги шароитда тоза энергияни ривожлантириш йўлидан боришдан бошқа танловимиз йўқ. Бу борада ядровий энергия энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Биз бундай тенденцияни глобал миқёсда ҳам кузатмоқдамиз», — деди ташкилот матбуот котиби.