Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Сессия доирасида Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлоновнинг 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2022 йилдаги режаларга бағишланган мурожаати эълон қилинди.
"Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар, йиғилиш иштирокчилари, туманимиз фаоллари.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар!
Жорий йил, ўтган йилги йўқотишларни ўрнини тўлдириш ва икки карра масъулиятни ошириш йили бўлди десак хато қилмаган бўламиз.
Шу боис, бугун Сизлар билан биргаликда 2021 йил учун белгилаб олинган вазифаларимиз ижроси, эришилган натижалар ва келгуси йилги устувор йўналиш ҳамда вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.
Ҳамма мутассадди раҳбарлар бир ҳақиқатни тушуниши керак, ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини ошириш, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолининг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлиши биз учун жуда муҳим.
Энг асосийси, бу ислоҳотлар натижасида туманимиз аҳолиси учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз керак. Одамларимиз етарли даромад топиши учун энг қулай бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантириб, янги-янги корхоналар ва иш жойларини кўпайтиришимиз зарур.
Бу борада Давлатимиз раҳбари томонидан ишларни “Маҳаллабай” ташкил этишда олиб бораётган ислоҳотлари:
Жумладан, жорий йил “Обод - маҳалла ва обод - хонадон” дастури асосида ҳар бир маҳаллада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун 2 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши;
“Замонавий маҳалла” дастури асосида ҳар бир маҳалла идораларини қуриш ва реконструкция қилиш;
Маҳалла фуқаролари раислари фаолиятини рейтинг баҳолаш орқали рағбатлантириш тизими жорий этилганлиги;
Ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш бўйича туман ҳокими ёрдамчиси ҳамда ёшлар масалалари бўйича шаҳар ҳокимининг вакили – ёшлар етакчиси лавозимлари жорий этилганлиги ҳар бир маҳалла мисолида яққол наъмуна бўла олади.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар масалалари бўйича амалга оширилаётган ишларга тўҳталиб ўтсам.
Туманда йил бошида 526 та эҳтиёжманд оилалар рўйхати – “Темир дафтар”да мавжуд бўлган бўлса:
“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан йил бошидан мазкур оилалар учун жами 1 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ажратилиб, жорий йил бошидан темир дафтарга киритилган оилаларга моддий ва ҳуқуқий ёрдам берилиши натижасида 119 та оила (313 нафар оила аъзолари) “Темир дафтардан” чиқарилди.
Шунингдек:
- 140 та оилаларга 70 млн сўмлик озиқ-овқат жамланмалари;
- 1 та оилага уйини таъмирлаш учун 30 миллион сўм;
- 3 нафар фуқарога дори-дармон олиш учун 28 миллион сўмлик;
- 455 та оилага 565 миллион сўмлик бир маротаба моддий ёрдам;
- 24 нафар фуқароларга 295 миллион сўмлик жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдамлар ажратилди.
Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар ва аёллар дафтарига киритилганлар билан бирма-бир мулоқот қилиш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш, дарду-ташвишини, таклиф ва қизиқишларини ҳамда маҳалладаги аниқ ҳолатни ўрганиш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган 5 минг 724 нафар хотин-қизларнинг муаммолари тизимли равишда ҳал этилди.
Жумладан, 393 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 97 нафар касб-ҳунарга ўқитилди, 91 нафари тадбиркорликка жалб этилиб, уларга имтиёзли кредитлар ажратилди.
1 минг 99 нафар хотин-қизларга моддий ёрдам ажратилди, 379 нафарига манзилли тиббий ёрдам ҳамда
1 минг 246 нафарига ҳуқуқий ва 1 минг 178 нафарига эса психологик ёрдам кўрсатилиб, бу ишларга 8 млрд 655 миллион сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 132-сон ҳамда 28 апрелдаги 250-сон қарорларига мувофиқ,
“Ёшлар дафтари”га жами 2 минг 584 нафар ёшлар киритилиб, шундан: 2 минг 386 нафари (93%) “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди. Бугунги кунда “Ёшлар дафтари”да мавжуд ёшлар сони 198 нафарни ташкил этмоқда.
Шунингдек, жорий йилда туманда ёшларга оид давлат сиёсатини сифатли амалга ошириш ва ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш натижасида
1 минг 802 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Шундан, 583 нафар ёшлар доимий иш билан таъминланди, 322 нафари касб-ҳунарга, 274 нафари тадбиркорликка ўқиш учун йўналтирилди.
202 нафар ёшлар ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтказилиб, уларга муайян йўналишда фаолиятини йўлга қўйиш учун амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, 104 нафар ёшларга имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашилди.
2021 йил давомида “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан “Ёшлар дафтари”га киритилган 388 нафар ёшларга 1 млрд. 983 минг. сўм миқдорида ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, 135 нафар ёшларга 209 миллион сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди,
29 нафарига 58 миллион сўм миқдорида тадбиркорлик, касб-ҳунар, ҳайдовчилик ва қайта тайёрлов курслари учун маблағлар ажратилди, 108 нафар ёшларга 1 млрд. сўм миқдорида ўзини-ўзи банд қилган ёшларга зарур бўлган асбоб-ускуналар олиб берилди.
83 нафар “Темир дафтар”га киритилган оилалар, шунингдек “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга
461 миллион сўм миқдоридаги тўлов-контракт пуллари тўлаб берилди, 28 нафар “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг 114 миллион сўм миқдоридаги сафарбарлик чақируви резерви бадаллари тўлаб берилди.
“Бешта муҳим ташаббус” доирасидаги тадбирларга эса жами 2 миллиярд 533 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари сарфланди.
Ҳурматли туманимиз фаоллари, туманда жами 80 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, шундан:
57 та давлат ва 23 та хусусий мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда.
Мазкур йилда боғчаларда қамров даражаси 92 фоизни ташкил этиб, туманда мактабгача таълим ташкилотлари тизими қуввати 15 минг 601 ўринни ташкил этмоқда.
Туман мактабгача таълим бўлимида 2021 йил давомида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида 27 та мактабгача таълим ташкилотлари капитал таъмирланиб, уларга
11 миллиярд 100 миллион сўм миқдорида пул маблағлар ажратилди.
Туман Халқ таълими бўлими тасарруфида
32 та умум-таълим, 4 та ихтисослаштирилган умум-таълим мактаблари, 2 та махсус мактаб-интернатлари ва 6 та нодавлат умум-таълим мактаблари фаолият юритмоқда.
Мазкур умум-таълим мактабларда жами 47 минг 394 нафар ўқувчилар таҳсил олишмоқда.
Туманда жами 2 минг 513 нафар педагог ходимлар фаолият кўрсатиб, шундан: педагог ходимларнинг
2 минг 447 нафари (98%) олий, 34 нафари ўрта-махсус маълумотли ўқитувчиларни ташкил этади.
Умумтаълим мактабларда жами 329 та янги тўгараклар фаолияти самарали йўлга қўйилиб, уларга
3 минг 803 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинди.
2020-2021 ўқув йилида жами 2 минг 950 нафар битирувчилар мавжуд бўлиб, шундан 1 минг 955 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди, 98 нафари коллеж ва техникумларда таҳсил олмоқда,11 нафари ҳарбий хизматга ва 35 нафари чет элга кетган, 16 нафари турмушга чиққан,
693 нафари ўзини-ўзи банд қилган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар, 133 нафари норасмий секторда бандлиги таъминланганларни ташкил этмоқда.
Жорий йилда туманда 1 минг 543 та маданий, маънавий ва мафкуравий иммунитетни оширишга қаратилган тадбирлар ташкиллаштирилиб, уларга 278 минг 500 нафар ёшлар қамраб олинди.
2021 йил давомида тумандаги маҳаллаларда жами
223 маротаба “Ҳоким ва ёшлар”, “Сектор раҳбари ва ёшлар” учрашувлари ўтказилиб, уларда 5 минг 380 нафарга яқин ёшлар иштирок этдилар.
Ўтказилган учрашувларда ёшлар томонидан жами 838 та турли мурожаатлар кўтарилган бўлиб, уларнинг 623 таси (75%) жойида ҳал этилди, 64 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса,
151 таси “Йўл харитаси”га киритилиб, бугунги кунда мазкур муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Ҳурматли депутатлар!
Туман ҳудудида соғлиқни сақлаш тизимидаги 8 та тиббиёт муассасалари туман аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Туманда коронавирусга қарши эмланиши режалаштирилган аҳоли сони 173 минг 260 нафарни ташкил этиб, бугунги кунда эмлаш ишлари якунланмоқда.
Туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил бюджет параметрлари доирасида 34-оилавий поликлиникани капитал таъмирлаш ишлари учун 1 млрд. 875 миллион сўм, 35-сонли оилавий поликлиниканинг капитал таъмирлаш учун
1 млрд. 740 миллион сўм ва 39-сонли оилавий поликлиниканинг капитал таъмирлаш учун 1 млрд. 696 миллион сўм маблағлар ажратилди.
Кўрикдан ўтказилган аҳолининг режали стационар шароитда даволаш ва соғломлаштириш ишларини олиб бориш учун Республика ва шаҳар тиббий муассасаларига туманимизнинг
3 минг 483 нафар фуқароларига йўлланма-ордерлар берилди.
Шунингдек, 54 минг 629 нафар 18 ёшгача бўлган болалар тўлиқ чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Чилонзор туманида 14 минг 360 та тадбиркорлик субъектлари рўйхатга олинган бўлиб, шундан 13 минг 835 таси кичик бизнес субъектларини ва 5 минг 600 тадан ортиқ якка-тартибдаги тадбиркорлик субъеклари ҳиосбланади.
2021 йилда кичик бизнес субъектларини ташкил этиш режаси 2 минг 25 та бўлиб, ҳозирги кунда режага нисбатан 116 фоизга бажарилди.
2021 йилнинг январ-ноябр ойлари мобайнида 1 минг 927 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилган бўлса, ушбу даврда 298 та субъектлар тугатилган бўлиб, 2021 йил 1 ноябр ҳолатига фаолият кўрсатмаётган кичик корхоналар сони
525 тани ташкил этмоқда.
2021 йил якуни билан макро иқтисодий кўрсаткичлар бажарилишига тўзхталиб ўтадиган бўлсам,
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми–
7 трлн 400 млрд сўмни, ўсиш суръати – 120 фоиз, шу жумладан ҳудудий саноат 6 трлн 835 млрд сўм;
Пудрат – қурилиш ишлари ҳажми– 1 трлн 660 млрд сўмни, ўсиш суръати – 114 фоизни;
Чакана товар айланмаси – 7 трлн 939 млрд.сўмни, ўсиш суръати 114 фоизни;
Жами хизматлар ҳажми – 11 трлн 633 млрд.сўмни, ўсиш суръати 111 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Туманда 2 минг 113 та саноат корхоналари фаолият юритиб келмоқда. Шундан 10 таси йирик саноат корхоналари ҳисобланади.
Туманда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда "MASTER PACK" МЧЖ - бошқа туманга кўчириб ўтганлиги сабабли, ишлаб чиқариш хажмлари камайган.
Хизмат кўрсатиш соҳасида 17 та корхона томонидан ўтган йилга нисбатан 155 млрд сўмга хизмат кўрсатиш хажми камайган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари асосида жами 604 та лойиҳага 27 млрд. 100 миллион сўм кредит ажратилди.
Шундан,
- “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида
367 та лойиҳага 17 млрд 400 миллион сўм;
- “Аёллар тадбиркор” дастури асосида
129 нафар аёлларга 4 млрд сўм;
- “Ёшлар тадбиркор” дастури асосида
106 нафар ёшларга 5 млрд 600 миллион сўм кредитлар ажратилиб, жами бу йўналишда 907 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Туман маҳаллий бюджети 77 млрд. 100 миллион сўм белгиланган режа 107 млрд. 300 миллион сўмга яъни
139 фоизга ёки 30 млрд. 100 миллион сўмга ортиғи билан бажарилди.
Ҳурматли туманимиз фаоллари!
Аҳоли бандлигини таъминлашда тумандаги 1 минг 250 та кўп қаватли уйларнинг ер тўлалари хатловдан ўтказилди, уларнинг 237 тасининг ертўласи фойдаланиш учун яроқлилиги аниқланди.
Бунгунги кунда ушбу ертўлаларнинг 48 тасида тадбиркорлик йўлга қўйилиб, 176 тадан зиёд иш ўринлари ташкил этилди.
Бандлик бўлимида мавжуд бўлган бўш иш ўринлари
1 минг 864 тани ташкил этади. Шу билан бир қаторда, аҳолини уйига яқин маҳаллаларда жойлашган 167 та корхонада 1 минг 584 та бўш иш ўринлари мавжуд.
Аҳоли бандлигини таъминлашда биринчи этиборни мавжуд имкониятларга қартилмоқда.
Барча йўналишлар бўйича туманда жами 603 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субектларига 27 млрд 100 млн сўм кредит ажратилиб, 907 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Чилонзор тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ўтказилган ўрганишларда 1 минг 947 нафарни (шундан, 1 минг 67 нафар аёллар, 918 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар)ни ташкил қилди.
Ушбу фуқароларнинг 1 минг 481 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилиб, шундан, 637 нафари ишга жойлаштирилди ва 338 нафар фуқаролар моно-марказлар қайта касбга тайёрлаш марказларида ўқитилди.
Хабарингиз бор, бу йил “Обод маҳалла” дастури доирасида Чилонзор тумани маҳаллаларида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди.
Албатта амалга оширилган ишларнинг пировард мақсади халқнинг фаровон яшаши учундир. “Обод маҳалла” дастури доирасида бажарилган ишларга тўхталиб ўтсак, туманда жами 598 минг 788 квадрат метр асфальт қилиш ишлари амалга оширилди.
Массивлар орасига 121 та болалар майдончаси,
106 та стрит-воркаут (Street workout) ва спорт майдончалари ўрнатилди.
Туманда жойлашган жами 1 минг 231 та кўп қаватли уйларнинг 100 тадан ортиғида фасад қисмини таъмирлаш,
19 минг 500 квадрат метр том қисмини жорий таъмирдан чиқариш ишлари амалга оширилди.
Ҳурматли депутатлар ва фаоллар!
Жорий йилда амалга оширган ишларимизни танқидий таҳлил қилиб, бошқарув тизими сифатини оширишда “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур.
Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур.
Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилинишига барча кучимизни сафарбар қилишимиз зарур.
Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.
Энди 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳасида амалга ошириш зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Бугунги кунда туманда хизматлар соҳасининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 65 фоизни ташкил этади.
Ваҳоланки, хорижий мамлакатларда бу кўрсаткич ўртача 60 фоизга тўғри келади.
Тумандаги мавжуд тадбиркорлик субъектларини соғломлаштириш, кредитлар бериш, кредит таътиллари бериш, солиқ имтиёзлари бериш, инфраструктура ва коммуникациясини яхшилашда ёрдам бериш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлашга эришиш пировард мақсадимиз бўлиб қолади.
Маҳсулотларимизни ички ва ташқи бозорларга етказиш, уларнинг таннархини тушириш учун транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришимиз зарур.
Келаси йилда ҳар бир маҳаллага тайинланган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш, барча муаммони маҳалланинг ўзида ҳал этиш, бир сўз билан айтганда тумандаги 51 та маҳаллаларда ҳокимият марказларини ташкил этиш орқали тумандаги барча аҳолини қамраб олишни бош мақсад қилиб олдик.
Иқтисодиётни юқори суръатлар билан ривожлантириш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттириш зарур.
2022-2026 йилларда туманда жами 13 трлн 100 миллион сўмга тенг шундан, 418 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция бўлган 163 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган ҳамда мазкур лойиҳалар доирасида
21 минг 2 нафар янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилмоқда.
Жумладан, 2022 йилда 5 трлн 4 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳамда 35 та янги йирик қувватлар ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Жумладан, "YUNUSOBOD BUILDING " МЧЖнинг “Турар жой мажмуасини қуриш”, “CARDIO STAR PLUS "МЧЖнинг “Тиббиёт муассасасини ташкил этиш” лойиҳалари ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.
Инвестиция жалб этишнинг самарали воситаларидан бири бўлган давлат-хусусий шериклик механизмларини транспорт, энергетика, йўл, коммунал, тиббиёт, таълим каби соҳаларга кенг татбиқ этиш керак.
Соҳани ривожлантириш бўйича ишлатилмаган заҳиралар жуда катта. Шу боис, хизматлар соҳасининг стратегик йўналишларини, бу борада туман мутасад-диларининг келгуси йилдаги хизматлар ҳажмини кескин оширишимиз керак бўлади.
Барқарор иқтисодий ўсишнинг энг муҳим гарови – рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги халқаро бозорлар топиш ва экспортни кўпайтириш, транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳисобланади.
Бундан ташқари ёшлар билан ишлаш борасида ҳам бир қатор режаларни мақсад қилиб қўйдик. Хусусан, 2022 йилда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими янада самарали ва сифатли ташкиллаштирилиши режалаштирилиб, ишларни “хонадонбай” ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 2022 йил давомида “Ёшлар жамғармаси” мабалағлари ҳисобидан 850 нафардан ортиқ ёшларга
6 млрд. 400 миллион сўмдан зиёд иқтисодий-ижтимоий ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган.
Келгуси йилда ижтимоий соҳада ҳам қатор ишлар амалга оширилади. Жумладан,
3 та умум-таълим мактабларни капитал таъмирлаш ва қўшимча 3 та умум-таълим мактабига қўшимча бино барпо этиш;
“Катта-Қозиробод” маҳалласидаги 33-сонли поликлиникани мукаммал таъмирлаш, унинг филиалини барпо этиш ва зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек, 3 қаватли
20-б умумий ётоқхонани мукаммал таъмирлаш ва асосий оилавий поликлиника сифатида фойдаланишга топшириш;
“Бектупи” маҳалласидаги 38-сонли оилавий поликлиника биносини жорий таъмирлаш ҳамда зарур мебель жиҳозлари, тиббий ускуналар, юмшоқ ва қаттиқ мебель жиҳозлари билан таъминлаш;
“1-Қатортол” маҳалласи ҳудудида жойлашган
7-сонли туғруқ комплекси биносини капитал таъмирлаш;
“2-Чарх Камолон” маҳалласи ҳудудидаги 36-сон оилавий поликлиника биносини жорий таъмирлаш, рақамли рентген аппарати, физиотерапия аппарати, юмшоқ ва қаттиқ мебель жиҳозлари билан таъминлаш;
“2-Катта Чилонзор” маҳалласи ҳудудида жойлашган
34-сонли оилавий поликлиникани зарур тиббий анжомлар,
УЗИ ва физиотерапия аппаратлари, юмшоқ ва қаттиқ мебель жиҳозлари билан таъминлаш;
“Дўмбиробод” маҳалласи ҳудудидаги туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими биносини капитал таъмирлаш кузда тутилган.
Шу билан бирга, туман тиббиёт муассасалари томонидан “Соғлом турмуш тарзи” шиори остида ҳар бир маҳаллаларда чуқурлаштирилган бепул тиббий кўриклар ва соғлом турмуш тарзига риоя этилиши бўйича тарғибот ишлари олиб борилади.
Чилонзор тумани ҳокимлиги оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блоггерлар томонидан туманимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларни давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборига етказишидаги фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда кейинги йилда ҳам ушбу ишларни янада жадалллаштириш йўлидан боради.
Азиз дўстлар!
Сўнгги йилларда юртбошимизнинг оқилона сиёсати билан мамлакатимизда прогрессив ўзгаришлар содир бўлмоқда.
Барча депутатларимизга, улар орқали туманимиз аҳолисига мурожаат қилиб айтмоқчиман – Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганларидек, демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир.
Бу борада биз ҳар куни изланишимиз, илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгилашга ҳаракат қилишимиз лозим.
Олдимизда бизни улкан вазифалар, катта имкониятлар кутмоқда.
Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли буюк халқмиз.
Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга имконимиз мавжуд.
Дарҳақиқат, Давлатимиз Раҳбари бошчилигида бошлаган барча хайрли ишларимиз, албатта ижобат бўлади.
Сўзим якунида барчангизга оилавий бахт ва саодат, сиҳат-саломатлик, чексиз куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар тилайман.
Доимо соғ-омон бўлинглар!
Эътиборларингиз учун рахмат!"