Бугун 11 февраль, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Саудия шаҳзодаси Трампга кескин эътироз билдирди

Саудия шаҳзодаси Трампга кескин эътироз билдирди

Саудия Арабистони шаҳзодаси Турки ал-Файсал Ол Сауд АҚШ президенти Дональд Трамп илгари сурган Ғазодан фаластинликларни қўшни давлатларга кўчириш ташаббусига кескин қарши чиқди.

«Фаластин халқи бошқа давлатларга бадарға этиш мумкин бўлган ноқонуний муҳожирлар эмас. Ғазо ери – уларнинг ери, Исроил вайрон қилган уйлар – уларнинг уйлари. Уйларини Исроилнинг аввалги босқинларидан кейин бўлган каби яна ўзлари қайта тиклашади», – деб ёзди Турки ал-Файсал «The National» газетасида чоп этилган мурожаатномасида.

80 ёшли Турки ал-Файсал 1977-2001 йилларда Саудия Арабистони разведка хизматига раҳбарлик қилган. Шунингдек, подшоҳликнинг Буюк Британия ва АҚШдаги элчиси вазифасида фаолият юритган.

Шаҳзода фаластинликлар Яқин Шарқнинг тубжой аҳоли вакиллари экани, Исроилнинг аксар аҳолиси эса муҳожир эканини айтган.

«Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа ва бошқа жойлардан Фаластинга кўчиб келган ўн минглаб муҳожирлар фаластикликларнинг ерлари ва уйларини тортиб олди, одамларга зўравонлик қилди ва этник тозалаш кампаниясини амалга оширди. Афсуски, урушда ғолиб чиққан Америка ва Буюк Британия улар тарафини олди ва ҳатто фаластинликларнинг ўз уйлари ва ерларидан қонли тарзда кўчиришга кўмак кўрсатди», – деб ёзди Турки ал-Файсал.

Саудиялик давлат арбоби агар Ғазо аҳлини кўчириш керак бўлса, Исроил ҳудудидаги ўз тарихий ерларига кўчириш мумкинлигини қайд этган.

Турки ал-Файсал Иккинчи жаҳон урушидан кейин яҳудийларга товон сифатида Германиянинг бирор ҳудудини бериш таклиф қилингани, аммо АҚШ раҳбарияти буни рад этиб, Фаластин ҳудудини олиб беришни маъқул кўрганини афсус-ла қайд этган.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Дональд Трамп январь ойида Ғазо секторини «тозалаш» мақсадида анклавнинг 2 миллион аҳолисини Миср ва Иордания каби давлатларга кўчириш кераклигини айтди.

Моҳият эътиборига кўра Исроил расмийлари илгари сураётган Ғазо сектори аҳолисини бошқа ҳудудларга кўчириш ва кейинроқ у ерда яҳудий келгиндиларини жойлаштириш ғоясига ҳамоҳанг янграган бу таклифни Исроилдан бошқа бирор бир давлат қўллаб-қувватламади.

АҚШнинг яқин иттифоқчиси Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Ғазо аҳли ўзи шундоқ ҳам кўп азоб чеккани, улар ҳам исроилликлар каби тинч ҳаётга ҳақли эканини таъкидлади. Юқори мартабали дипломат ЕИ зиддиятни икки давлат – Исроил ва Фаластин давлати тамойили асосида ҳал этишга содиқлигини яна бир карра тасдиқлади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Ғазо аҳолисини мажбуран бошқа ерга кўчириш халқаро ҳуқуққа зид эканини эслатди.

Буюк Британия, Германия, Франция, Испания, Ирландия каби давлатлар ҳам минтақадаги зиддият икки давлат тамойили асосида ҳал этилиши лозимлиги, яъни мустақил Фаластин давлати тузмай, келишувга эришиб бўлмаслигини яна бир карра таъкидлади.

Исроилни шартларсиз қўллаб-қувватлаш ва Фаластин аҳли ҳуқуқларини поймол этиш деб баҳоланган бу таклиф Араб давлатлари лигаси томонидан ҳам жиддий танқид қилинди.

Кескин танқид ва эътирозларга қарамай, Трамп 4 февраль куни Вашингтонда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан ўтказган матбуот анжуманида яна Ғазо секторида назорат ўрнатиш кераклигини иддао қилди.

Таҳлилчилар Исроил ҳукумати 2023 йил октябрда бошлаган урушдан фойдаланиб, Ғазо аҳолисини мажбурий равишда қўшни давлатларга сургун қилиш орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётганидан огоҳлантирмоқда.

Фаластин аҳолиси Исроил давлати 1948 ва 1967 йилларда амалга оширган мажбурий қувғин яна такрорланишидан хавотирда.

Киритилди: 13:20 10.02.2025. Ўқилди: 1098 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!