Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

ЗЎРАВОНЛИККА ЧИДАМАГАН КЕЛИН

ЗЎРАВОНЛИККА ЧИДАМАГАН КЕЛИН

Оилавий зўравонлик – ўз кўламига кўра глобал муаммо. У турмуш даражасидан қатъи назар, дунёнинг барча мамлакатларида кузатилади.
Одатда маиший зўравонликка кўпинча бир оила муаммоси сифатида қаралган. Халқимиз бундай муаммоларни уйдан ташқарига олиб чиқмасликка ҳаракат қилишади. Аксарият ҳолатларда зўравонлик қўрбони хотин-қизлар бўлади.
Ўзбекистон Респбликаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари ва ғоялари асосида Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 561-сонли Қонуни қабул қилиниши бугунги кунда хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ҳар бир хотин-қиз зўравонликсиз ҳаётда хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли. Унинг бу ҳуқуқларини поймол қилиш, тазйиқ ўтказиш қонун билан ҳимояланган.
Лекин, шундай бўлсада, оиладаги зўравонликлар сабабли аёллар жабр кўриб қолмоқда.
Жиззах вилояти, Зарбдор тумани, Адиробод маҳалласида яшовчи Мухтор (исмлар ўзгартирилган) Жиззах шаҳрида ишлаб юрган вақтларида Шахноза билан танишиб қолади, ёшлар бир-бирига қўнгил қўйиб, яхши ниятлар билан 2021 йил март ойида турмуш қуришади, бошида ҳаммаси яхши эди, лекин Мухтор ўзгариб, доимий равишда жанжал чиқариб, Шахнозани турли хил сўзлар билан ҳақорат қилиб, унинг юз ва танасининг турли жойларига тан жароҳати етказиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб келган, Мухтор шу даражага келганки, Шахнозага озиқ-овқат бермасдан оч қолдириб, турли хил сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаъни ва қад-қимматини мутассил равишда камситиб келган.
Навбатдаги жанжалдан кейин Шахноза онасининг уйига кетиб қолади. Мухтор қайнонасининг уйига Шахнозани олиб келиш мақсадида бориб, бу ерда ҳам ўзаро келишмай қолиб, Шахнозани онасининг қўз ўнгида, Шахнозанинг хомиладорлиги ҳам кўзига кўринмай, турли хил сўзлар билан ҳақорат қилиб, унинг юз ва танасининг бошқа соҳаларига қўли билан уриб, тан жароҳати етказиб, унинг шаъни ва қадр қимматини қасддан камситган.
Шундай бўлса-да, Шаҳнозанинг опаси Зилола синглисининг оиласи бузилиб кетмасин деган мақсадда, 2021 йил 30 июнь куни синглисини куёвининг хонадонига олиб боради, буни кўрган Мухтор Шаҳнозани опаси Зилоланинг олдида қасддан таҳқирлаб, онаси ва опасидан тиз чўкиб, кечирим сўрашга мажбур қилади. Шахноза қайнонасидан тиз чўкиб узр сўрайди. Сўнг эса эрининг буйруғи билан қайнопасидан ҳам кечирим сўраб, тавба-тазарру қилади. Ҳўнграб йиғлаб юборгиси келса-да, ўзини зўрға қўлга олиб, опаси билан ичкарига – ўз хонасига кириб, “Опа, мен сиз билан кетаман, булар мени уриб ўлдириб қўйишади. Қаранг, мен булардан бошқача муносабат кутгандим. Уларнинг нияти бошқача, мени алдашяпти, қўрқаяпман”, дейди. Опа бечора синглисининг оиласи бузилиб кетмаслигини ўйлаб, унга насиҳат қилиб, уни куёвиникига ташлаб ортга қайтади.
Опаси кетгач, қандай воқеалар содир бўлди, бу Шаҳноза ва ёлғиз Аллоҳга аён. Билмадик, билганимиз шуки, ўша кун Шаҳноза учун энг даҳшатли, энг оғири бўлгани аниқ. Шаҳноза оиласидаги зўравонликларга, шаъни ва қадр-қимматини мутассил равишда камситилишларга чидайолмасдан, 2021 йил 1 июль куни соат 13:30 ларда яшаш ҳовлисида жойлашган молхонада бўйин қисмидан осиб, ўз жонига қасд қилган.
Ушбу иш жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, Мухтор Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 103-моддаси 2-қисми “а,б” бандларида назарда тутилган, яъни ўзига қарам бўлган ва ҳеч қаерда ишламайдиган турмуш ўртоғига нисбатан муттасил равишда раҳмсиз муомалада бўлиб, уни ўз жонига қасд қилиш даражасига етказганликда ифодаланган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мухтор ўзи севиб уйланган турмуш ўртоғи бу дунёни эрта тарк этгандан кейин қилган хатоларини тушуниб етди, лекин жуда кеч.

Шоҳрух МИРЗААХМЕДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судининг раиси

Киритилди: 20:29 11.08.2022. Ўқилди: 6394 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!