Бугун Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева раислигида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва "St. Jude" болалар тадқиқот шифохонаси билан биргаликда "Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат" мавзусида форум бўлиб ўтди.
Ўзбекистон тарихида илк бор бундай юксак даражада, жаҳон соғлиқни сақлаш соҳаси учун ўта долзарб масалага бағишлаб ташкил этилди. Тадбир кўплаб мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар эътиборини тортди. Унда Зироат Мирзиёева жаҳон ҳамжамиятини саратонга чалинган болаларнинг яшовчанлигини яхшилаш борасида чора кўриш масаласида бирлашишга чақирди.
Тадбирда дунёнинг қарийб барча минтақаларидаги мамлакатлардан келган биринчи хонимлар – Туркия, Озарбайжон, Ангола, Вьетнам, Гватемала, Сербия Президентлари рафиқалари ва бошқалар иштирок этди.