Украина президенти Владимир Зеленский Украинага хиёнат қилган 34 кишини давлат мукофотларидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат Украина давлат раҳбарининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Таъкидланишича, «хоинлар» рўйхатига собиқ амалдорлар, халқ депутатлари, Хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура раҳбарлари, прокурорлар, санъаткорлар, шунингдек, россиялик сиёсий, диний ва маданий арбоблар киритилган.
Уларнинг барчаси Украинанинг давлат мукофотларидан муддатсиз маҳрум этилди.
Украинанинг бошқа санкцияларига дучор бўлган бир неча шахслар Украинанинг давлат мукофотларидан маҳрум этилди. Хусусан, II-IV ва IX чақириқ халқ депутати бўлган Виктор Медведчук I-III даражали "Хизматлар учун" орденлари ва V даражали Ярослав Донишманд шаҳзодаси ордени билан мукофотланган ва "Украинанинг хизмат кўрсатган ҳуқуқшуноси" унвонига эга эди.
Рус православ черковининг бошлиғи патриарх Кирилл князь Ярослав Донишманднинг I даражали орденидан маҳрум қилинди.
Россиялик хонандалар Николай Басков, Филипп Киркоров, Александр Малинин, россиялик бастакор Игор Крутой "Украина халқ артисти" фахрий унвонидан, хонандалар Каролина Куек (Ани Лорк) ва Таисия Повалий ҳам "Украинада хизмат кўрсатган артист" унвонидан маҳрум этилди.