Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Жаред Кушнер билан Ирландияда ўтказилган музокаралар якунлари бўйича уруш бошланганидан буёнги энг йирик асирлар алмашинувига тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.
Украина раҳбари бу ҳақда шу ҳафта бўлиб ўтган музокаралар якунларини сарҳисоб қилар экан, ижтимоий тармоқдаги саҳифапсида ёзган.
«Биз Ирландияда Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан шу ҳафта бўлиб ўтган барча музокаралар натижаларини муҳокама қилиш учун учрашдик. Биринчи натижа — гуманитар масала: асирлар озод қилинади ва биз уруш бошланганидан буёнги энг йирик асирлар алмашинувига умид қиляпмиз», — деди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи натижа дипломатик жараёнга Европа вакилларининг янада фаол жалб этилиши бўлди. Бу уларга музокараларда тенг шартлар асосида иштирок этиш имконини беради.
«Украина доимо бутун Европанинг манфаатларини ҳимоя қилади», — дея таъкидлади президент.
Зеленский, шунингдек, янги кўп томонлама учрашувларга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилиб, дипломатик ишлар давом этишини қайд этди.
«Украинани қўллаб-қувватлаётган барчага миннатдорчилик билдираман. Стив ва Жаредга жадал мулоқот учун раҳмат. Европа сиёсий ҳамжамияти саммитини аъло даражада ташкил этгани ва бугунги музокараларимизни ўтказгани учун Ирландияга миннатдорчилик билдираман. Украинага шон-шараф!» — дея сўзини якунлади у.