Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа қилишга мўлжалланган Patriot ва NASAMS тизимлари учун ракеталар етказиб берилишига зарур бўлган АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсетнинг имзосини қарийб бир ойдан бери кутмоқда.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский селектор йиғилиши якунлари бўйича ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Украина мудофаа вазири, Қуролли кучлар бош қўмондони ва Ташқи ишлар вазири ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун, биринчи навбатда, Patriot мажмуаларига мўлжалланган ракета-тутқичларни етказиб бериш билан боғлиқ вазият ҳақида ахборот берган.
«Биз бир нечта йўналишда иш олиб бормоқдамиз: АҚШ, Европа ва PAC-2 ҳамда PAC-3 ракеталари захирасига эга бўлган бошқа ҳамкорлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Хусусан, Patriot ва NASAMS тизимлари учун ракеталар етказиб бериш бўйича жаноб Хегсетнинг имзосини қарийб бир ойдан бери кутмоқдамиз. Америка томони билан бу масалани яна бир бор муҳокама қилишни топширдим. Бошқа давлатлар билан ҳам музокаралар давом этмоқда», — деб ёзган Зеленский.
Йиғилиш иштирокчилари, шунингдек, ноябрь ойида Украинага мудофаа соҳасида ёрдам кўрсатиш бўйича «Рамштайн» форматида ўтказиладиган Контакт гуруҳи учрашувига тайёргарлик масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Зеленский Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича аввал қабул қилинган қарорларни амалга оширишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, ҳар бир ёрдам пакети инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, 20 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ҳамкор давлатлардан Украинага Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуалари учун мўлжалланган зенит ракета-тутқичларини бериш масаласини ҳали кўриб чиқмагани ҳақида хабар берилган эди.