Россия Қуролли кучлари Украинанинг энергетика инфратузилмасига оммавий ҳужумларни давом эттирмоқда. Starshield терминаллари ишлаш тезлигининг пасайиши туфайли Украина Қуролли кучлари Россиянинг «Шаҳед» дронларини ўз вақтида тутиб қолиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram каналида маълум қилган.
Шунингдек, у Россия бир ҳафта давомида Украина ҳудудига ҳужум қилиш учун минглаб зарбали дронлар ва авиабомбалардан фойдаланганини айтди.
«Россия қўшинлари сўнгги бир ҳафта ичида Украинага 2300 дан ортиқ дрон, 1590 та бошқариладиган авиабомба ва турли русумдаги 15 та ракета билан зарба берди», — деб ёзди у.
Унинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари Запорожье, Суми, Одесса, Житомир ва Кировоград вилоятларидаги энергетика инфратузилмасига, шунингдек, Днепропетровск ва Харьков вилоятлари ҳамда Запорожьедаги темир йўл объектларига ҳужум қилган. Бундан ташқари, Донецк ва Киев вилоятлари ҳам ўққа тутилган. Ҳужумлар оқибатида 16 киши жабрланган.
«Россияликлар подстанцияларни “Шаҳед” дронлари билан нишонга олмоқда. Бундай зарбаларнинг кўпчилиги фронт чизиғи бўйлаб ва Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида Starshield терминаллари ишлаш тезлигига қўйилган чекловлар сақланиб қолаётгани сабабли амалга ошмоқда», — деди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, чекловлар туфайли Украина дрон-перехватчиклари тахминан 161 км/соат тезликда ҳаракатланаётганда операторлар билан алоқани йўқотмоқда ва Россиянинг «Шаҳед» туридаги реактив дронларини самарали таъқиб қила олмаяпти.
Украина раҳбари амалдаги чекловлар бекор қилинишидан умидвор эканини билдириб, қиш мавсуми бошланишидан олдин аҳоли ва мамлакат энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилиш бунга боғлиқ эканини таъкидлади.
«Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Украина президенти офиси жамоаларига АҚШ томони ҳамда SpaceX билан имкон қадар яқин ҳамкорликда ишлаш бўйича топшириқлар берилган», — деди у.
Зеленский халқаро ҳамкорларни Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишга ҳам чақирди.