Россия қўшинлари аллақачон Украина ҳудудига янги йирик зарба беришга тайёргарлик кўришган.
Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский кечки нутқида айтиб ўтди.
"Шу кунларда биз ниҳоятда ҳушёр бўлишда давом этишимиз керак. Россия катта зарба беришга тайёрланди ва уни амалга ошириш вақтини кутмоқда. Илтимос, барча ҳаво ҳужумлари сиреналарига эътибор беринг. Ва ҳар бир минтақа иложи борича тезроқ жавоб беришга ва халқни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлиши керак", деб таъкидлади у.
Зеленский 16 январь куниёқ Россия Украинага янги йирик зарбалар беришга тайёргарлик кўраётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина разведкаси бу ҳақда маълумот олган. Бундан ташқари, 18 январь куни Украина раҳбари ўз шерикларига мурожаат қилиб, Украина кўпроқ ҳимояга муҳтожлигини айтди. Бу биринчи навбатда ҳаво мудофааси тизимлари учун янги ракеталарга тегишли.