Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, Дональд Трамп «энергетик сулҳ» эълон қилганидан кейин Россия Украина энергетика инфратузилмасига 76 марта зарба берган.
Зеленскийнинг таъкидлашича, сўнгги бир ҳафта давомида Россия армияси Украина ҳудудига қарийб 2700 та зарбали дрон, 1700 та авиабомба ва 66 та ракета билан ҳужум қилган. Ҳужумларнинг асосий нишонлари энергетика объектлари бўлган.
«Россияликлар мамлакатда электр таъминотининг тўлиқ узилишини келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқда», — деди Украина президенти.
Унинг фикрича, АҚШ Россия санкциялар юмшатилиши ёки келишувлардан фойда олиш имкониятига эга бўлганига қарамай, урушни тўхтатиш йўлида қадам ташламаётганини кўриши керак.
«Аксинча, улар пул ишлаб олиш имконияти ҳақидаги ҳар бир сигнални урушни давом эттириш стратегияси самара бераётганининг белгиси сифатида қабул қилмоқда. Россиянинг айнан шу позицияси туфайли уруш давом этмоқда, Украина ўзини ҳақли равишда ҳимоя қилаётгани учун эмас», — дея таъкидлади Зеленский.