Нидерландиянинг Мидделбург шаҳрида Украина президенти Владимир Зеленский ва мамлакат қироли Виллем-Александр ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Зеленский Нидерландия раҳбариятига Украина ва унинг халқига кўрсатилаётган доимий қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, музокараларда Украинадаги сўнгги йирик ҳужумлар оқибатлари муҳокама қилинди. Одесса, Киев ва Днепрда қурбонлар борлиги, турли ҳудудларда кўплаб инсонлар жабрлангани қайд этилди.
Ташриф доирасида Зеленский Нидерландия бош вазири Роб Йеттен билан ҳам учрашди. Асосий эътибор хавфсизлик ва мудофаа масалаларига қаратилди.
Украина Нидерландияга махсус ҳамкорлик дастури — Дрон келишувини таклиф қилди. Ушбу ташаббус дронлар, ҳаво ҳимояси, ракета ва дронларга қарши тизимлар, радиоэлектрон кураш ҳамда қурол-яроғни қўшма ишлаб чиқаришни қамраб олади.
Томонлар мазкур дастур ва Нидерландия билан илк қўшма қурол ишлаб чиқариш лойиҳасини бошлаш бўйича ҳужжатларни имзолади.