Бугун 5 май, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Юз миллионлаб мухлислар ЖЧ-2026 ни томоша қила олмаслиги мумкин

Юз миллионлаб мухлислар ЖЧ-2026 ни томоша қила олмаслиги мумкин

Футбол бўйича ЖЧ-2026 трансляцияси бўйича музокаралар Ҳиндистонда боши берк кўчага кириб қолган, Хитойда эса расмий транслятор ҳали эълон қилинмаган. Шу сабаб икки йирик бозорда миллионлаб мухлислар жаҳон чемпионатини тамоша қила олмаслиги мумкин. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, Ҳиндистонда "Reliance-Disney" қўшма корхонаси 2026 йилги жаҳон чемпионати трансляция ҳуқуқи учун 20 миллион доллар таклиф қилган. Бу FIFA учун мақбул бўлмаган, чунки ташкилот дастлаб 2026 ва 2030 йилги чемпионатлар ҳуқуқи учун 100 миллион доллар сўраган.

"Sony" компанияси ҳам Ҳиндистонда ЖЧ-2026 трансляция ҳуқуқини сотиб олмасликка қарор қилган.

"Reuters" манбаларига кўра, Ҳиндистонда футбол тижорий жиҳатдан крикет даражасида даромад келтирмайди, шунингдек, мусобақа Шимолий Америкада ўтказилиши сабаб кўплаб ўйинлар Ҳиндистон вақти билан ярим тунда эфирга тўғри келади.

Хитойда ҳам ЖЧ-2026 транслятори ҳали расман эълон қилинмаган. Нашрнинг қайд этишича, бу одатдагидан кечроқ ҳолат, чунки аввалги чемпионатларда, жумладан 2018 ва 2022 йилларда Хитой давлат телеканали CCTV трансляция ҳуқуқини анча олдин қўлга киритган.

FIFA маълумотига кўра, 2022 йилги жаҳон чемпионати рақамли ва ижтимоий платформаларда дунё бўйича энг кўп Хитойда томоша қилинган: умумий кўриш соатларининг қарийб ярми — 49,8 фоизи — шу мамлакат ҳиссасига тўғри келган.

"Reuters" Ҳиндистон ва Хитойдаги келишувлар ҳал қилинмаганини FIFA учун жиддий муаммо сифатида баҳоламоқда.

Маълумотга кўра, Хитойда 200 миллионга яқин футбол мухлиси бор — бу бошқа ҳар қандай давлатдагидан кўп. Хитой оддий телевидение орқали глобал аудитория қамровининг 17,7 фоизини ташкил этган.

ЖЧ-2026 11 июнь куни бошланади ва 19 июлда финал билан якунланади. Мусобақада илк бор 48 та жамоа иштирок этади, ўйинлар сони эса 104 тага етади.

Киритилди: Бугун 15:45. Ўқилди: 424 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!