Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида кучли ёмғир ортидан юзага келган сел оқими одам ўлими билан якунланган ҳодисага сабаб бўлди. Сел йўлида қолиб кетган Damas автомобили оқимга тушиб, салондаги йўловчи ҳалок бўлган.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеа 13 октябрь куни тахминан соат 17:30 да Қўнғирот маҳалласига қарашли Шакарбулоқ қишлоғида содир бўлган. Тоғли ҳудудларда кузатилган қисқа муддатли жала натижасида мазкур ҳудуддан кучли сел оқими ўтган.
Фожиа қандай юз берган?
Ҳодисадан аввал Damas ҳайдовчиси ҳамроҳи билан ҳаракатланиш йўналишини йўқотиб қўйган. Улар қаердан юришни аниқлаб олиш учун сел ўтадиган жойда автомобилни тўхтатган.
Бироқ транспорт воситаси сирпаниб, сел ўзанидаги чуқурроқ жойга тушиб кетган. Вазиятдан чиқиш мақсадида ҳайдовчи машинадан тушиб, телефон орқали ёрдам чақиришга ҳаракат қилган. Шу пайтда у сел яқинлашаётганини пайқаб, автомобиль ичида қолган ҳамроҳини хавфдан огоҳлантирган.
Аммо йўловчи транспорт воситасидан чиқиб улгурмаган. Сел оқими Damas'ни ичидаги одам билан бирга оқизиб кетган.
Қидирув ишлари қандай якунланган?
Воқеадан сўнг ҳудудда қидирув-қутқарув тадбирлари ташкил этилган. Қутқарувчилар олиб борган ишлар давомида сел оқизиб кетган йўловчининг жасади аниқланган.
Ҳодиса жойида туман ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда ички ишлар органлари масъуллари иштирок этган.