Яманда ҳусийлар ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган кучлар ўртасидаги тўқнашувлар қайта авж олди. Саудия Арабистони бошчилигидаги кучлар 4 октябрь куни ҳусийларга қарши кенг кўламли ҳарбий кампания бошланганини эълон қилди. Бироқ йиллар давомидаги ҳарбий амалиётлар ҳам гуруҳнинг таъсирини бартараф этиш осон эмаслигини кўрсатди. Бу ҳақда «Блумберг» нашри таҳлилида сўз боради.
Ҳусийлар 2014 йилда Яман пойтахти Санони эгаллаб олганидан бери мамлакатдаги энг таъсирли кучлардан бири бўлиб қолмоқда. Улар аҳолининг катта қисми яшайдиган ҳудудларни назорат қилади. Гуруҳ аввал Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаган кучларнинг ҳужумларига, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия ва Исроилнинг ҳаво зарбаларига қарамай, ўз мавқеини сақлаб қолган.
Ҳусийлар кимлар ва улар қандай кучга эга?
Расмий номи «Ансоруллоҳ» бўлган ҳусийлар Яманнинг шимоли-ғарбидаги Саъда вилоятида пайдо бўлган. Улар шиаликнинг зайдийлик йўналишига мансуб бўлиб, 1990-йилларда сиёсий ҳаракат сифатида шаклланган. 2014 йилда Санони эгаллаб олиш мамлакатда ҳозиргача давом этаётган фуқаролар урушига олиб келган.
Ҳусийлар Эрондан қурол-яроғ ва ҳарбий ёрдам олиб келган. Бироқ «Блумберг» таҳлилига кўра, гуруҳ маҳаллий контрабанда тармоқлари, ташқи бозорлардан олинадиган саноат қисмлари ва ўз қуролларини ишлаб чиқариш имкониятларидан ҳам фойдаланмоқда. Бу уларнинг тайёр қурол етказиб беришга қарамлигини камайтириб, ҳарбий салоҳиятини йўқ қилишни қийинлаштиради.
Можаро нима учун қайта бошланди?
2022 йилда БМТ воситачилигидаги сулҳ Яман урушида нисбий тинчликни таъминлаган эди. Бироқ 2026 йилдаги воқеалар вазиятни яна кескинлаштирди.
«Блумберг» маълумотларига кўра, 13 июль куни Саудия Арабистони самолётлари Сано аэропортига зарба берган. Шундан кейин ҳусийлар Саудия Арабистони жанубидаги Абҳа халқаро аэропортига ракета ва дронлар билан ҳужум қилган. Кейинчалик гуруҳ Саудия портлари билан боғлиқ кемаларга таҳдид солиб, Қизил денгиздаги ҳужумларини қайта бошлаган.
Нашрнинг ёзишича, сентябрь ойида ҳусийлар Яманнинг Қизил денгиз соҳили ва стратегик аҳамиятга эга Боб ал-Мандаб бўғози атрофидаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Бу ҳудудлар устидан назорат минтақавий савдо ва нефть экспорти учун муҳим ҳисобланади.
Нима учун ҳусийларни мағлуб этиш қийин?
Биринчи сабаб — гуруҳнинг мустаҳкам ҳудудий мавқеи ва узоқ йиллик жанговар тажрибаси. Иккинчиси — ракета ва дронлардан фойдаланиш имконияти. Учинчиси — маҳаллий қурол ишлаб чиқариш ва турли таъминот манбаларидан фойдаланиш орқали ташқи босимга мослашиш қобилияти.
Ҳусийларнинг Қизил денгиздаги ҳужумлари халқаро денгиз савдосига ҳам таъсир кўрсатган. Суэц канали ва Боб ал-Мандаб бўғози орқали ўтувчи йўналиш Европа билан Осиё ўртасидаги муҳим савдо йўлларидан бири ҳисобланади. Хавфсизлик таҳдидлари сабаб айрим кемалар Африканинг жанубий чеккасини айланиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Бу эса сафарни минглаб километрга узайтириб, ташиш харажатларини оширади.
Саудия Арабистони қандай ёрдам олмоқда?
«Блумберг» хабар беришича, Саудия Арабистони ҳусийларга қарши курашда ҳамкорларидан ёрдам сўраган. Туркия ва Покистон мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирган бўлса-да, уларнинг бевосита ҳужумкор ҳарбий амалиётларда қатнашишга тайёрлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Буюк Британия Саудия қирувчи самолётларига ҳавода ёқилғи қуйиш учун самолёт тақдим этган. Франция эса Қизил денгиз соҳилидаги Ямбу нефть экспорти марказини ҳимоя қилиш учун қўшинлар ва радар тизимларини юборишини билдирган. АҚШ Саудия Арабистонига разведка маълумотларини тақдим этишда давом этмоқда.
Саудия Арабистони учун ҳусийлар таҳдидини бартараф этиш нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий масала ҳамдир. Ракета ва дрон ҳужумлари мамлакатнинг хорижий инвестициялар, туризм ва йирик инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш режаларига хавф туғдириши мумкин.
Шу билан бирга, ҳусийларга қарши кенг кўламли қуруқлик операцияси катта харажатлар ва узоқ давом этадиган уруш хавфини келтириб чиқаради. Шу сабабли гуруҳни ҳарбий йўл билан тўлиқ мағлуб этиш мақсадига эришиш осон бўлмаслиги мумкин.