Бир-биридан яққол фарқ қилмайдиган, жуда ўхшаш товарлар аслида таркибидан ва мақсадидан келиб чиқиб турлича кодга эга бўлиши мумкин. Шу боисдан ҳам божхона юк декларацияларида товар кодини алмаштириб қўйиш жиддий ҳуқуқий оқибатларни юзага келтириши мумкин.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида четдан юк автотранспорт воситасида келтирилган резина шланглар аввалига Хавфни бошқариш тизимига мувофиқ соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилиши лозим эди.
Аммо, товарларнинг ташқи кўриниши постнинг “Янгиобод” божхона пункти ходимларида шубҳа уйғотди. Юкларга тегишли декларация қизил йўлакка йўналтирилиб, белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида декларацияда кондиционер учун жиҳозлар сифатида таснифланган товарлар аслида фанкойл - иситиш ва совитиш тизимлари учун мўлжалланган қувурлар экани маълум бўлди.
Қиймати 1 миллиард 100 миллион сўмни ташкил қилувчи мазкур товарнинг кодини декларацияда нотўғри кўрсатиш орқали юк эгалари салкам 117 миллион сўмлик божхона тўловларини “тежамоқчи” бўлган.
Ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.