Ўзбекистонда ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган кенг қамровли тезкор-профилактик ойлик бошланди. Ушбу ташаббус 2025–2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур доирасида амалга оширилмоқда.
2025 йилда республикада гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 15 412 та жиноят ва 1 956 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган. Тезкор тадбирлар натижасида 3 тоннадан ортиқ наркотик моддалар муомаладан олиб қўйилиб, 14 та яширин нарколаборатория фош этилди. Жиноят содир этганлар орасида мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг мавжудлиги жамият учун жиддий хавотир уйғотмоқда.
Ойликка расмий старт бериш муносабати билан Тошкентда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, ИИВ, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда нарковазият таҳлили, ёшлар ўртасида амалга ошириладиган профилактик ва тарғибот ишлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида “Ёшлар форуми” ташкил этилди. Унда 1800 нафар ёшлар, таълим муассасалари ва маҳалла фаоллари иштирок этди. Форум доирасида ижтимоий фильм премьераси, интерактив лойиҳалар ва маданий дастурлар намойиш этилди.
Мазкур ойлик ёшларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, гиёҳвандликка қарши маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш ҳамда жамиятда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтиришга хизмат қилади.