Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниб, "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра жамғарма маблағлари:
-“Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга;
-ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланадиган харажатларнинг 75 фоизигача қисмини қоплашга;
-“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда қоплашга;
-“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга;
-мамлакатимиздаги ОТМда ўқиётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб беришга;
-“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларни БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплашга йўналтирилади.