Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг маълум қилишича, жорий йил ноябрь ойи охирида Ўзбекистонда рекорд даражадаги паст инфляция кузатилди. Яъни, 0,93 фоизни ташкил этган.
Бу инфляция 2011 йилдан бери энг паст кўрсаткич. Бошқа йилларда инфляция ноябрь ойида 1 фоиз ёки ундан юқори бўлган.
Йиллик инфляция ўтган йил ноябрига нисбатан 10 фоизгача пасайди. Бундан бир ой аввал бу кўрсаткич 10,24 фоиз эди. Жорий йил бошидан эса нархлар ўртача 8,67 фоизга ошди. Марказий банк йил давомида инфляцияни 9,5 фоиз даражасида прогноз қилмоқда.
Ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 1 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда 2 фоизга ўсди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1 фоизга (8,3 фоизга), пуллик хизматлар нархи 0,8 фоизга (27,8 фоиз) қимматлашди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Статистика агентлиги ойнинг 10-дан 20-кунига қадар сўровлар ўтказади. 20-санадан кейинги маълумотлар декабрь статистикасида акс этади.
Гўшт таннархининг ўсиши секинлашди: суякли мол гўшти — 0,3 фоизга ўсди. Йил бошидан буён мол гўшти 12,3 фоизга, қўзи гўшти 13,6 фоизга ошган.
Тухум яна 3,3 фоизга қимматлади, кунгабоқар ёғи — 2,5 фоизга, сут — 1 фоизга ошди. Шакар 3 фоизга (йил давомида — 2,3 фоиз), гуруч 5,5 фоизга (-4,5 фоиз), ун 1,2 фоизга (-3,1 фоиз) арзонлашди.
Ноябрда помидор нархи 1,7 баравар, бодринг 42 фоиз, булғор қалампири 27,7 фоиз, бақлажон 20,1 фоиз, пиёз 10,2 фоиз, картошка 10,1 фоиз, карам 7,8 фоиз ошди. Лавлаги 3 фоизга, олма 5,2 фоизга, сабзи 6,1 фоизга, лимон 14,8 фоизга арзонлашган.
Йиллик ҳисобда картошка таннархи 33,4 фоизга, сабзиники 15,7 фоизга ошди. Ноябрда алкоголли ичимликлар нархи 0,2 фоизга (йил давомида — 10,4 фоизга), тамаки маҳсулотлари 1,9 фоизга (+12,7 фоизга) ўсди. Қиш мавсуми бошланишини ҳисобга олган ҳолда, ой давомида иссиқ пойабзал ва устки кийимлар нархи 0,3−3 фоизга ошди.
Ноябрда Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкентда иссиқ сув таъминоти ва иситиш хизматлари учун тўловлар ошгани қайд этилди. Бошқа ҳудудларда у ўзгармади ва шунинг учун мамлакат бўйлаб инфляция иситиш учун 14,5 фоиз ва иссиқ сув таъминоти учун 9,7 фоизни ташкил этди.
Сантехниклар, электромонтёрлар ва бўёқчилар хизматлари ой давомида 1,1−2,2 фоизга қимматлашди. Дори-дармонлар нархи ўсишда давом этмоқда ва ноябрь ойида яна 0,7 фоизга ошган (йил бошидан буён 25,1 фоиз).
Ноябрда автомобиль газ ёнилғиси нархида ҳам ўсиш кузатилди. Пропан нархи ошишда давом этмоқда — 11,1 фоиз (йил давомида — 53,3%). Бензин нархи 4,7 фоизга (йил давомида 10 фоизга) қимматлаган, метан нархи эса ўзгармаган (йил давомида — 20,8 фоизга). Хусусий болалар боғчалари хизматлари ой давомида 0,1 фоизга (йил давомида — 12,1 фоизга) қимматлашди. Ой давомида кафелардаги нархлар 1,3 фоизга (йил давомида — 11,5 фоиз), ошхоналар ва газакхоналардаги нархлар 1,2 фоизга (+10,8 фоиз) ошди.