30 сентябрь куни Қозоғистон Республикасининг “Азрет Султон” миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонаси томонидан тайёрланган “Мовий гумбаз сири” халқаро кўргазмасининг очилиш маросими Озарбайжон Миллий тарих музейида бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Қозоғистон Республикаси Президенти, Жаноби Олийлари Қосим-Жўмарт Тоқаевнинг Хўжа Аҳмад Яссавий меросини Қозоғистонда ва хорижда ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этишга қаратилган топшириқларини амалга ошириш борасидаги тизимли ишларнинг давоми сифатида ташкил этилди.
Кўргазма Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги, Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Турк маданияти ва мероси жамғармаси кўмагида, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ва туркий халқларнинг муштарак меросини тарғиб этиш доирасида ташкил этилди.
Тадбирда Озарбайжон Миллий тарих музейи директори, академик Наиля Валихонли; Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий меросни муҳофаза қилиш, ривожлантириш ва реставрация қилиш давлат хизмати раҳбари Сабина Ҳожиева; Қозоғистон Республикасининг “Азрет Султон” миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонаси директори Ерлан Дакенов, шунингдек, Турк маданияти ва мероси жамғармаси вакиллари Лейла Ҳасанова ва Максат Арғинбековлар сўзга чиқди.
Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг иштирокчилар “Мовий гумбаз сири” халқаро кўргазмаси экспозицияси билан танишдилар.
Кўргазмада қадимий Туркистоннинг тарихий ва маданий мероси, шунингдек, Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасининг бой меъморий хусусиятлари намойиш этилди. Экспозициядан ёдгорликнинг макетлари, XII–XIV асрларга оид асл кошинлар ва меъморий фрагментлар, шунингдек, куфий хаттотлигининг ноёб намуналари ўрин олди.
Бундан ташқари, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг маънавий меросини акс эттирувчи қўлёзма ва ҳужжатлар, жумладан, унинг насл-насаби ҳамда таълимотининг туркий халқларга таъсири ҳақидаги материаллар ҳам кўргазмага қўйилди.