Бугун 11 март, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Яқин Шарқ минтақасидаги урушнинг бастлабки 10 кунида 1700 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди — Reuters

Яқин Шарқ минтақасидаги урушнинг бастлабки 10 кунида 1700 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди — Reuters

"28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум бошлади. Шундан сўнг Эрон – АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Форс кўрфази давлатлари ва Исроилга қарши ҳужумга ўтди. “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроилга зарбалари ортидан Ливан ҳам тез орада можарога тортилди. Ҳарбий ҳаракатлар камида 15 та давлат ҳудудига ёйилди. 1700 дан ортиқ қурбонларнинг энг катта қисми Эрон ва Ливанда. Бундан ташқари, Исроил, АҚШ, Ироқ, БАА, Саудия, Кувайт ва Баҳрайнда ҳам йўқотишлар бор", дея ёзмоқда агентлик.

9 март ҳолатига урушдан энг кўп жабр кўрган Эронда камида 1 230 киши ҳалок бўлган. Жумладан урушнинг биринчи куни Миноб шаҳридаги бошланғич мактабга ракета зарбаси берилиши оқибатида 175 нафар ўқувчи қиз ва мактаб ходимлари ҳалок бўлганди. Умумий қурбонлар сонига Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбийлари кирадими-йўқми, аниқ эмас.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Исроил зарбалари оқибатида камида 486 киши ҳалок бўлган. Буларнинг қанчаси тинч аҳоли ёки “Ҳизбуллоҳ” ҳарбийлари экани маълум эмас.

Исроил ҳарбийлари берган маълумотга кўра, Жанубий Ливанда икки нафар аскар ҳалок бўлган. Бу — ўтган ҳафта Ҳизбуллоҳ Эронни қўллаб-қувватлаб, Исроилга қайта ҳужум бошлаганидан кейин IDF орасидаги илк талафотдир. Шунингдек, 11 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Жумладан 1 март куни Қуддус яқинидаги Бейт-Шемеш шаҳрига Эрон ракетаси тушиши оқибатида тўққиз киши ўлган.

Пентагон маълумотига кўра, Эрон билан боғлиқ операциялар давомида етти нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Ироқ полицияси ва соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, мамлакатда камида 15 киши ҳалок бўлган. Полиция манбалари Reuters'га маълум қилишича, 5 март куни Эрон қўллаб-қувватлайдиган қуролли гуруҳлар иттифоқи — “Ироқдаги Исломий қаршилик” таркибидаги бир қўмондон унинг автомобилига берилган авиазарба оқибатида ўлдирилган.

28 феврал куни Эрон ракетаси Сурияданинг Сувайда шаҳридаги бинога келиб урилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган.

Бирлашган Араб Амирликлари Эрондан энг кўп дрон ва ракета ҳужумларига учраган Кўрфаз давлати бўлди. БАА Мудофаа вазирлигига кўра, мамлакатда Эрон ҳужумлари оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган.

Саудия Арабистони расмийларига кўра, Ар-Риёддан жанубдаги Ал-Харж шаҳрида турар жой ҳудудига снаряд тушиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Баҳрайнда эса Эрон томонидан амалга оширилган икки алоҳида ҳужумда икки киши ҳалок бўлган. Сўнгги зарба пойтахт Манамадаги турар жой биносига берилган, деб хабар қилди ички ишлар вазирлиги.

Кувайтда Эрон ҳужумлари оқибатида икки киши, жумладан бир бола ҳалок бўлган. Шунингдек, мамлакат армияси икки нафар полициячи ва икки нафар ҳарбий хизмат вақтида ҳалок бўлганини билдирди.

Уммонда эса Маскат қирғоқлари яқинида сузиб юрган маҳсулот ташувчи танкерга снаряд келиб урилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган.

Киритилди: 22:47 10.03.2026. Ўқилди: 218 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!