FIFA 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун ажратиладиган мукофот пуллари ва иштирок этиш тўловларини оширишга қарор қилди. Бу борадаги якуний тафсилотлар шу ҳафтада Ванкуверда ўтадиган FIFA Кенгаши йиғилишида тасдиқланади.
Бир қатор миллий федерациялар, хусусан, Англия футбол ассоциацияси FIFA’га мурожаат қилиб, Шимолий Америкадаги турнир улар учун иқтисодий зарар келтириши мумкинлигидан хавотир билдирган. Сабаби, АҚШда йўл харажатлари, меҳмонхоналар ва хизмат кўрсатиш нархлари Қатардаги турнирга қараганда анча қиммат.
Бундан ташқари, АҚШнинг ҳар бир штатида солиқ тизими турлича. Масалан, финал ўтадиган Нью Жерсида солиқ ставкаси 10,75 фоиз, Калифорнияда эса 13,3 фоизни ташкил этади. Федерациялар ҳатто чорак финалгача етиб борган тақдирда ҳам, барча харажатлар ва солиқлардан сўнг “минус”га кириб кетишлари мумкинлигини айтишмоқда.
FIFA вазиятни ўрганиб чиқиб, нафақат 48 та иштирокчи жамоага бериладиган пулни, балки барча 211 та аъзо давлатга ажратиладиган ривожланиш маблағларини ҳам кўпайтирмоқчи.
FIFA ҳозир ҳар қачонгидан ҳам бой: ташкилот тўрт йил ичида 13 миллиард доллар даромад олишни кўзламоқда. Бу маблағнинг деярли ҳаммаси — 11,67 миллиард доллари футбол ривожига сарфланади. Бу эса аввалги кўрсаткичлардан 20 фоизга кўпдир.
“ЖЧ—2026 футбол олами учун молиявий жиҳатдан мисли кўрилмаган турнир бўлади. FIFA бугун ўз тарихидаги энг барқарор иқтисодий ҳолатда турибди ва бу имкониятдан бутун дунёда футболни ривожлантириш йўлида фойдаланади”, дейилади ташкилот баёнотида.
Декабрь ойида тасдиқланган режага кўра, умумий мукофот жамғармаси 727 миллион долларни ташкил этган эди. Унга кўра, ҳар бир иштирокчи жамоага камида 10,5 миллион доллар берилади. Турнир ғолибига эса 50 миллион доллар берилиши белгиланган. Эндиликда Ванкувердаги йиғилишдан сўнг бу рақамлар янада ўсиши кутилмоқда.