Парламентда кўпчилик овозга эга бўлмаган коалиция томонидан тузилган Япония ҳукумати жорий молия йили (2025 йил март ойи охирида якунланадиган) бюджетига 13,9 трлн иена (тахминан $92,7 млрд) миқдорида қўшимчалар киритиш лойиҳасини депутатлар муҳокамасига киритди.
Қўшимча бюджетнинг қарийб ярмини облигациялар чиқариш ҳисобига таъминлаш режалаштирилган, бу эса давлат қарзининг янада ўсишига олиб келади.
Қўшимча харажатларнинг 3,4 трлн иенаси инфляцияга қарши курашга, 5,8 трлн иенаси иқтисодиётни, шу жумладан сунъий интеллект ва яримўтказгичлар соҳасини рағбатлантиришга, 4,8 трлн иенаси жамоат хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилади.
Бюджетга киритилган тузатишлар 21 декабрь куни парламент сессияси якунига қадар қабул қилиниши керак. Бироқ, озчилик ҳукуматини шакллантирган Либерал-демократик партия ва у билан коалицияга кирган "Комейто" партияси мухолифатчи партиялар томонидан бир қатор талабларга дуч келиши мумкин.